___ Мамлакатимизда вегетация даври муҳим паллага кирмоқда.Айрим вилоятларда ғўза майдонларига дастлабки сув бериш тадбирлари бошланди. Қорақалпоғистон Республикасида эса ғўза суғориш бошланишидан олдин олис ҳудудлардаги томорқа майдонларига сув етказиш чоралари кўрилмоқда.

___ Мўйноқ Амударёнинг энг қуйи қисмида жойлашган туман ҳисобланади. Кейинги йилларда минтақада кузатилаётган сув танқислиги натижасида ҳудуддга дарё орқали деярли сув бормаяпти. Мавжуд сув ресурсларини дарёга ташланса сув йўқотишлар янада ортиши ҳисобга олиниб, асосан каналлар орқали ҳудудга сув етказилмоқда.
___ Айни кунларда Қорақалпоғистоннинг шимолий туманларига магистрал каналлар орқали график асосида навбатлаб сув берилмоқда. Шунга кўра, Мўйноқ туманига 29 майдан бошлаб “Таллиқ” канали орқали сув берила бошланган эди. Бу гал туман ҳудудига етказилган сув миқдорлари билан “Бўзатов”, “Медели” овул фуқаролар йиғинидаги аҳолининг томорқа майдонлари суғорилди.

___ -Кейинги йиллардаги сув танқислигидаврида навбатлаб сув бериш тизимига кўникиб қолаганмиз, – дейди “Мадели” ОФЙ ҳудудидаги томорқа эгаси Женис Отемуратов. – Овулимизга сув келса, томорқамиздан рўзғоримиз учун озиқ-овқат маҳсулотларини ўзимиз етиштирамиз. Мана сув келиб, барчамиз далага чиқдик. Кимдир чопиқ қилса, яна кимдир экинларга озиқлантириш ва суғориш иши билан машғул. Бугунгидек, ариқларда сув тўлиб оққан маҳалдаги қишлоғимиз аҳли ўзгача хуш кайфият билан экин-тикин ишларига янада шижоат билан киришадилар. Эртанги кунга ва кузда мўл ҳосил олишга ишончинг ошади. Бу маҳалда сув –ҳаёт манбаи, деган ҳикматли ибора нақадар топиб айтилганига яна бир бор амин бўламан.


___ Мўйноқ тумани ирригация бўлимидан олинган маълумотларга кўра, жорий йилда фермер ва бошқа ташкитлотлар томонидан 4 минг 527 гектар ер майдонларига қишлоқ хўжалиги экинлари жойлаштирилган. Мазкур экинларни суғориш учун 80,0 млн, м3 сув лимити белгиланган ва шунга кўра, суғориш ишлари амалга оширилмоқда.

___ Маълумот учун: Жори йилдаги сув танқислигини ҳисобга олган ҳолда мавжуд сув ресурсларини энг олис ҳудудларгача етказиш мақсадида сувни кўп талаб қиладиган, яъни шоли экини Ҳукумат кўрсатмасига мувофиқ, Тахтакпўр, Бўзатов ва Мўйноқ туманларида экилиши назарда тутилган. Шунга кўра Мўйноқ туманида бугунги кунгача ҳудудга етказилган сув миқдорлари билан 215 гектардан ортиқ майдонда шоли экилган.
Ғ.Отажонов,
Қорақалпоғистон Республикаси
Сув хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати