Президентимиз раислигида жорий йил 29 ноябрь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишда сув хўжалигида «каналларни бетонлаш бўйича зарбдор йил» эълон қилинганидан ва мазкур йиғилишда қишлоқ хўжалигида сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва йўқотишларни камайтириш бўйича бир қатор чора-тадбирлар белгиланганидан барчамизнинг хабаримиз бор.

Ўқув курси аввалида ҳам Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Б.Жузбаев, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш институти миллий тадқиқот университети А.Суванов ҳамда бошқа сўзга чиқувчилар Давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган вазифаларнинг аҳамияти ва мавжуд сув ресурсларидан самарали фойдаланиш зарурати айниқса, Оролбўйи учун қанчалик долзарб масала эканлигига алоҳида тўхталиб ўтдилар.

Сув хўжалиги ходимлари ўқув курси давомида “Ўзбекистонда сув хўжалигининг ҳолати ва ривожланиш истиқболлари”, “Суғориш усуллари ва суғориш техникаси”, “Замонавий ва сув тежамкор суғориш технологиялари”, “Ирригация ва мелиорацияда инновацион технологиялар, илм-фан ютуқлари, сувдан фойдаланишда тўлов механизмлари”, “Гидрометрия, сув ресурсларини ҳисобга олиш муаммолар ва вазифалар”, “Сув истемолчилар ўртасида адолатли сув тақсимотини ташкил этиш ва назорат қилиш” “Қорақалпоғистонда суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолати, суғориладиган ерларнинг шўрланиш сабаблари” каби ўнлаб мавзуларда профессор ўқитувчилардан даср оладилар. Шунингдек, каналларда амалий машғулотлар ўтказиш ҳам режалаштирилган.

Қорақалпоғистон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институтида ташкил қилинган ўқув курсларида Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг тизим ташкилотларидан жами 350 нафарга яқин ходимлар иштирок қилмоқда. Малака ошириш курслари 3 кун давомида олиб борилади ва олган билимлари бўйича иштирокчилар якуний аттестациядан ўтказилиб, фаол иштирокчиларга Сертификат берилиши режалаштирилган.
Қорақалпоғистон Республикаси
Сув хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати