Қалин қор сувчилар шаштини пасайтирмаяпти

___Бугун Қорақалпостон Республикасининг Тўрткўл туманида “Жанубий туманларда сув таъминотини яхшилаш ва сув тежовчи технологияларни кенг жорий этиш” мавзусида кўргазмали семинар ўтказилди.

___Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Ш.Хамраев, Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Ш.Примов, Тўрткўл тумани ҳокими Р.Шамуратов, “Жанубий Қорақалпоғистонда сув ресурсларини бошқаришни такомиллаштириш” лойиҳасини амалга ошираётган қурилиш ташкилоти вакиллари, ҳудуддаги сув хўжалиги тизим ташкилотлари раҳбарлари ва ОАВ вакиллари иштирок қилди.

___Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Ш.Хамраев Оролбўйидаги жанубий туманларнинг сув таъминотини яхшилаш борасида амалга оширилаётган ишлар, хусусан, экин майдонларини лазер қурилмаси ёрдамида текисланаётгани ва бу тадбирлар сувни тежашда муҳим аҳамият касб этишини алоҳида таъкидлаб ўтди. Жорий мавсумда дарёда сув миқдорлари нисбатан камлигини ҳисобга олиб, сув тежовчи технологияларни кенг жорий қилиш тавсиялар берилди. Шунингдек, ариқ-зовурларни тозалаш, шўр ювишга сифатли ер тайёрлаш ишларида сусткаштликка йўл қўяётган  ҳудуд раҳбарларига бу борадаги ишларни тўғри ташкил қилиш бўйича алоҳида кўрсатмалар берилди.

___– Мавжуд сувларимиз истъмолчиларга етиб боргунча кўп қисми йўқотилади, – дейди Сув хўжалигида хорижий инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш маркази директори ўринбосари Бахтияр Юсупов. – Жаҳон банки иштирокида “Жанубий Қорақалпоғистонда сув ресурсларини бошқаришни яхшилаш” лойиҳаси доирасида “Бўстон” каналининг бетонланиши сувнинг табиий йўқотишларини кескин камайтиради. Мазкур лойиҳа тўлиқ якунланиши натижасида Қорақалпоғистон Республикасининг Элликқалъа туманидан 33,2 минг гаектар, Беруний туманидан 34 минг гектар, Тўрткўл туманида 32,8 минг, жами 100 минг гектар суғориладиган ерларида сув ресурслари бошқарувини яхшиланади. Каналларнинг фойдали иш коэффициенти 49% дан 60% га кўтарилади ва йилига 269 млн. м3 сув иқтисод қилинади. Амударёдан сув кўтариб бераётган Беруний насос станциялари бошқармаси балансидаги 3 та катта Дўстлик 16,2 м3/сек, Қилчиноқ 26,4 м3/сек ва Найман-Бештом 22 м3/сек, 20 та катта ва кичик насос станциялари тўхтатилади. Шу билан бирга қўшимча СИУ ва фермер хўжаликлари ҳисобидаги 402 дона насос агрегатлари тўхтатилади ва натижада йилига 6,9 млн. долл. миқдорида электр энергия ва фойдаланиш харажатлари иқтисод қилинади. Лойиҳа доирасида учта туманда 16 минг гектардан ортиқ майдонларда лазер ускунаси ёрдамида текислаш назарда тутилган ва бу ишлар изчил амалга оширилмоқда.

___Тадбирда ҳозиргача жамғарилган сув захираси ва ҳудудларда шўр ювиш тадбири бошланиши режалаштирилган санаси маълум қилинди.

___Ҳозирги кунда республикамиз туманларида 90 минг гектарга яқин майдонлар шўр ювишга тайёрланди. Бугунги кунда “Туямўйин” сув омборига 270 м3/сек сув сарфи келиб, сув омбордаги сув захираси 3 млрд. 51 млн.м3 ни ташкил қилмоқда. Бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 77 фоизни ташкил қилиб, 927 млн.м3 га кам деганидир.

___Тадбирда “Туямўйин” сув омборида йиғилган сув захирасидан келиб чиқиб, Қорақалпоғистон Республикасида кенг миқёсда шўр ювиш ишларини амалга ошириш учун дарёга 10 февралдан сув очилиши режалаштирилаётгани маълум қилинди. Шўр ювиш ишларини 10 февралдан 15 мартгача қисқа муддатда самарали ташкил қилиш учун барча майдонлар ва сув хўжалиги объектларини шай ҳолатга келтириш бўйича вазифалар белгилаб олинди.

___Тўрткўл туманида сув манбаси саналган қор нисбатан қалин ёғибди. Лекин бу об-ҳаво сувчилар шаштини пасайтирмаяпти. Тадбирда ана шундай фидойи ўз вазифаларини бир зум тўхтатмаётган сувчиларга раҳмат айтилди. 

Ғ.Отажонов,

Қорақалпоғистон Республикаси

Сув хўжалиги вазирлиги матбуот котиби