«Киндикўзак» канали реконструкция қилинмоқда

       Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳамда  «Қорақалпоғистонсувқурилишинвест» давлат муассасаси ходимлари ҳафталик режа графикда белгиланган вазифалар доирасида сув хўжалиги объектларида қурилиш ва реконструкция ишларини муҳокама этдилар. Дастлаб бу борадаги кунлик маълумотлар таҳлил қилиниб, кейинчалик Қонликўл туманидаги “Киндикўзак” канада олиб борилаётган реконструкция ишлари ўрганилди.

       1963 йилда қурилиб фойдаланишга топширилган “Киндикўзак” каналининг умумий узунлиги 28,0 километрни ва лойиҳавий сув ўтказувчанлик қобилияти  секундига 40,0 метр кубни ташкил этади. “Суенли” магистрал каналининг 480-пикетидаги “Киндикўзак” сув тақсимловчи гидроиншотидан сув олувчи  мазкур канал ўтган йиллар давомида лойқа билан кўмилиб қолиши натижасида сув ўтказувчанлик қобилияти  секундига 25-30 метр кубга тушиб қолган эди.

       Ҳозирги кунда Ҳукуматимизнинг тегишли қарор ва дастурлари асосида Қонликўл туманидаги “Киндикўзак” каналини реконструкция қилиш (1-босқич) ишлари олиб борилмоқда.  

       Тадбир давомида каналнинг реконструкция ишларини олиб бораётган пудратчи ташкилот “Аркавой Мелиоратор” МЧЖ маъсули ва ишчи ходимларига бир қатор вазифалар берилди. Хусусан, реконструкция ишларини лойиҳада кўрсатилган талаблар асосида амалга ошириш учун тажрибали мутахассислар ва барча зарур техника ва асбоб-ускуналарни ушбу объектга жалб қилиш бўйича вазифалар  белгилаб олинди.

       Маълумот учун: “Киндикўзак” каналини 2024 йил давомида 8 километр қисмида реконструкция қилиш ишлари белгиланган. Бугунги кунгача 4,39 километр қисмида тупроқ ишлари бажарилди. Объектда жами 27 та махсус техникалар ҳамда 31 нафар ишчи-ходимлар жалб қилинган.       Реконструкция ишлари амалга оширилганидан сўнг,каналнинг лойиҳавий сув ўтказиш қобилияти секундига 40,0 метр кубга кўтарилиши ва каналнинг фойдали иш коэфициенти 0,55 дан 0,95 га етказилиши кутилмоқда.

       Натижада “Киндикўзак” ОФЙ ҳудудидаги 35 та, “Қуламетжирау” ОФЙ ҳудудидаги 19 та фермер хўжаликлари ҳамда аҳоли томорқа майдонлари жами 4608 гектар майдонни кафолатли сув билан таъминлаш имконияти яратилади.

Қорақалпоғистон Республикаси

Сув хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати