Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ва Швейцария тараққиёт ва ҳамкорлик агентлиги ҳамкорлигидаги «Ўзбекистонда сув ресурсларини бошқариш миллий лойиҳаси»нинг 3-босқичи доирасида “Сув секторида ижтимоий интеграция: аҳолининг заиф тоифаларини ижтимоий ҳимоя қилишдаги давлат механизмлари» мавзусида ўқув-тренинг курси ташкил этилди.

ZOOM платформаси орқали марказий студия билан мулоқот ўрнатилган ўқув-тренинг курсида Қорақалпоғистондаги сув хўжалиги ташкилотларида ишловчи хотин-қизлар ҳамда фермер аёллар ҳам фаол иштирок қилдилар.

Тадбирда таъкидланганидек, ўқув курсини ташкил этишдан кўзланган мақсад сувдан фойдаланишда ижтимоий интеграция ва гендер тенглиги асослари ҳамда аҳолининг заиф тоифаларини ижтимоий ҳимоя қилишдаги давлат механизмлари, уларнинг сув секторида жорий этилишини тушуниш ва хабардорлик даражасини оширишдан иборатдир.

Ўқув курси аввалида тингловчиларга тарқатма материаллар ва сумкалар тарқатилди. Белгиланган мавзулар бўйича тақдимот ва машғулотлар олиб борилди.

Тингловчилар гуруҳларда ишлаш кўникмаларини ошириш бўйича “Гендер тенглиги ва ижтимоий интеграция асосида сув сиёсатига таклифлар”ини ишлаб чиқишди ҳамда тақдимотини ўтказишди. Тингловчиларнинг ўқув курсида олган билимлари баҳоланди ҳамда иштирокчиларга тренинг якунида сертификатлар топширилди.
Қорақалпоҳистон Республикаси
Сув хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати