Пресс-релиз

____Шу йилнинг 22 февраль куни Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигида сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ва сув тежовчи технологияларни жорий қилишга оид қабул қилинган қарорларнинг мазмун-моҳияти ва уларда белгиланган вазифалар ижроси доирасида ўтказиладиган матбуот анжуманида иштирок қиладиган оммавий ахборот воситалари вакилларига маълумот учун:

____Президентимиз  2020 йил 2 октябрь куни Қорақалпоғистонга ташрифи давомида барча соҳалар қатори сув хўжалиги соҳасидаги ишлар юзасидан ҳам танқидий фикрлар билдириб, ҳудудда сув хўжалигини ривожлантириш бўйича алоҳида қарор лойиҳасини ишлаб чиқиш топшириғини берган эдилар. Сув хўжалиги вазирлиги, туман ҳокимликлари ва бошқа масъул ташкилотлар билан биргаликда қарорга киритиладиган объектлар ўрганилди. Йирик магистрал каналлар ва мелиорация тармоқларидан тортиб энг қуйи тизим, фермерларнинг ички суғориш тармоқларигача таъмирлаш-тиклаш ишлари ва унинг молиявий манбалари қарор лойиҳасига киритилган.

____Муҳтарам Президентимизнинг соҳага бўлган эътибори ва бевосита қўллаб-қувватлашлари натижасида 2020 йилда сув хўжалигига доир 1 та Фармон ва 3 та қарорлари, Вазирлар Маҳкамасининг 14 та қарори қабул қилинди. Хусусан, Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 10 июлдаги ПФ-6024-сонли Фармони билан Ўзбекистон Республикаси сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган концепцияси қабул қилиниши, шубҳасиз, кейинги ўн йилликда сув хўжалиги истиқболини белгилаб берувчи тарихий ҳужжат бўлди. Концепциянинг устувор йўналишлари ва тегишли даврга мўлжалланган мақсадли параметрлари ва кўрсаткичларидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси сув хўжалигини ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш якунланаяпти.

____Ўн йилга мўлжалланган Концепцияга мувофиқ ҳар бир ҳудуднинг ўзига хослигидан келиб чиқиб Президент қарорлари қабул қилинмоқда. Шу жумладан, фақат Қорақалпоғистон Республикаси бўйича кейинги уч йилда сув хўжалигини ривожлантиришга мўлжалланган биринчи марта Президент қарори қабул қилинди. 2020 йилнинг 5 декабридаги «Қорақалпоғистон Республикасида сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ва ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарор нафақат сувчилар, ёки фермер-деҳқонлар, балки бутун Оролбўйи халқининг тақдирига дахлдор бўлган аҳолининг турмуш фаровонлигини яхшилашга замин яратадиган муҳим ҳужжат бўлди. Оролбўйи ҳудудида сув хўжалиги соҳасини ривожлантиришга ҳеч қачон бу каби эътибор ва маблағ қаратилмаган  ва натижада катта маблағ талаб қилинадиган магистрал каналлар 20-30 йил ўтса ҳамки реконструкция қилишнинг имкони бўлмаган.

____Муҳтарам Президентимизнинг бевосита ташббуслари билан 2018 йилда Сув хўжалиги вазирлиги қайта ташкил қилингач, бу борада кенг кўламли ишлар бошланди. Хусусан, юқорида келтирилган қарорга мувофиқ йирик каналлар ва мелиорация объектларда реконструкция ишлари бошланди.

____Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 11 декабрда “Қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни янада жадал ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва халқимизга йўллаган Мурожаатномаси ҳамда мазкур қарорида 2021 йилда сувни тежайдиган технологиялар жорий этиладиган ер майдонларини 5 баробарга кўпайтириш

____Сув тежамкор технологияларни жорий қилиш катта маблағ талаб қилади. Бу борада Ҳукуматимиз томонидан фермер хўжаликларини молиявий қўллаб-қувватлаш ҳам назарда тутилган. Сув тежамкор технологияси ўрнатиладиган ҳар бир гектарга тахминан 20-22 миллион миқдорда кредит маблағлари ва маълум миқдорда экин турига қараб субсидиялар ажратилиши белгиланган.

____Масалан, ўтган 2020 йилда Қорақалпоғистон Республикасида сув тежовчи технологияларни ўрнатган фермер хўжаликларига 1 млрд. 400 млн. сўм субсидиялар ажратилди.

____Фермер хўжаликлари ва кластерлари томонидан «Жиззахпластмасса» заводи билан шартномалар тузилиб, 80 комплект эгилувчан қувурлар олиб келинди. Улар ёрдамида жами 3 минг 200 гектардаги қишлоқ хўжалиги экинлари суғорилди. Бу усулда ўқ-ариқларда йўқотилиши кутилган 4,9 млн. метр куб сув миқдорларини тежашга эришилди.

____Юқорида қарорларда белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, Қорақалпоғистонда 2021 йилда 14 минг гектар майдонда томчилатиб суғориш технологияларини жорий қилиш белгиланган.  

____Бу катта режа албатта. Тўғриси, бизнинг ҳудудимизда яқин вақтларгача сув тежовчи технологияларни ишлаб чиқарувчи биронта корхона йўқ эди. Фермерлар мурожаатларини тинглаганимизда сув тежовчи технологияларни жорий қилиш ҳудудда шунга мўлжалланган ускуналарни ишлаб чиқариш корхонаси йўқлиги сабабли нисбатан қимматга тушаётганликларини билдиришган эди. Бу борада ҳозирги кунда ҳудудда ишлаб чиқаришни  йўлга қўйиш бўйича бир неча лойиҳалар амалга оширилмоқда.

____Яқинда «Аркавой мелиоратор» МЧЖ томонидан ҳамкорлари кўмаги билан сув тежовчи технологияларнинг ишлаб чиқаришга ихтисослашган Қорақалпоғистондаги биринчи корхона ишга туширилди. Ҳозирча биринчи линяси ишга туширилиб, томчилатиб суғориш ленталарини ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

____Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги бу борада мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиб, шу йўналишдаги корхоналарни кўпайтириш мақсадида янги лойиҳаларни қўллаб-қувватламоқда. Хусусан, вазирликнинг ишлаб чиқариш ва механизация базаси биносида «ECODRIP NUKUS» МЧЖ корхонаси фаолиятини йўлга қўйиш назарда тутилмоқда.

____Қорақалпоғистонда сув тежовчи технологияларни жорий қилиш бўйича  Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ва унинг тизим ташкилотларида яна бир муҳим лойиҳа амалга оширилмоқда. Гап шундаки, ўтган йиллардаги камчиликларни бартараф қилиш мақсадида вазирликнинг ҳудудлардаги тизим ташкилотларида сув тежовчи технологияларни ўрнатишга кўмаклашувчи сервис гуруҳлари ташкил қилинди. Улар  майдонларни лойиҳалаш, сув келтириш ва ҳовуз тиндиргичларни қуриш, насос агрегати, монтаж қилиш, электр узатиш тармоқларини қуриш, бош ва тарқатувчи қувурларни ҳамда томчиловчи шлангларни монтаж қилиш каби йўналишларда фермерларга сервис хизматини кўрсатишда ёрдам бериш белгилаб олинган.

____Юқорида таъкидлаганимиздек, сув тежовчи технологияларни жорий қилиш бўйича режалар, иш кўлами ҳам ката. Барчасига улгуриш ва ишларни сифатли бажариш учун барча туманларда кўргазмали семинарлар ташкил қилинмоқда.

____Тадбирларда туман ҳокимликлари, кластер ташкилотлари раҳбарлари, фермерлар ҳамда сув тежовчи технологияларнинг эҳтиёт қисмларини ишлаб чиқарувчи, лойиҳаловчи ва қурувчи корхоналар мутахассислари иштирок этмоқда. Иштирокчилар, сув тежамкор технологияларни жорий қилишда кластер ва фермер хўжаликлари олдида турган муаммолари, қурувчи ташкилотлар мажбуриятлари шартномалар тузишда эътибор қаратиш лозим бўлган жиҳатлар муҳокама қилиниб, олимлар ва мутахассисларнинг тавсиялари берилмоқда.

____Юқорида келтирилган қарорлар ижросини таъминлаш, сув тежовчи технологиялар ва илғор тажрибаларни кенг тарғиб қилишда оммавий ахборот воситаларининг роли муҳим аҳамият касб этади. Шу боис вазирликнинг матбуот хизмати барча ОАВ вакилларини ҳамкорликда ишлашга чақиради.

Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги

вазирлиги Матбуот хизмати