Шуманай тумани: “ГЛК” КОЛЛЕКТОРИ РЕКОНСТРУКЦИЯ ИШЛАРИ ЎРГАНИЛДИ

       Олдин хабар берилганидек, 20 май куни Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигида ўтказилган йиғилишда Шуманай туманидаги “ГЛК” туманлараро коллекторини реконструкция қилиш ишларини жадаллаштириш масаласи ҳам муҳокама этилган эди.

       Бугун, «Қорақалпоғистонсувқурилишинвест» давлат муассасаси маъсуллари Сув хўжалиги вазирлиги томонидан тасдиқланган ҳафталик режага асосан ҳамда юқорида келтирилган йиғилишда белгиланган вазифалар доирасида Шуманай туманидаги “ГЛК”  туманлараро коллекторининг реконструкция (2-босқич) ишларини ўрганишди.

       Маълумот берилишича, Шуманай туманидаги “ГЛК” туманлараро коллектори 1976 йилда ишга туширилган бўлиб, умумий узунлиги 86,2 километрни ташкил қилади. Коллектор Тахиатош, Хўжайли, Шуманай ва Қўнғирот  туманларининг жами  57 минг гектардан ортиқроқ майдонларнинг мелиоратив ҳолати барқарорлигини таъминлашга хизмат қилади. Айниқса, мазкур коллектор Шуманай тумани ҳудудидаги мелиорация тармоқларининг зах сувларини олиб чиқиб кетишида ва ҳудуднинг экин майдонларида ҳосилдорликни оширишда муҳим аҳамият касб этади.

       Ўтган йиллар давомида коллекторнинг сув ўтказиш қобилияти  пасайганлиги, ҳудуддаги суғориладиган майдонларнинг ер ости сизот сувлари кўтарилишига олиб келаётган эди. Шу боис ҳозирги кунда Ҳукуматимизнинг тегишли қарор ва дастурлари асосида Шуманай туманидаги “ГЛК”  коллекторининг ПК396+00 дан ПК718+00 гача қисмида реконструкция (2-босқич) ишлари амалга оширилмоқда. 

       Ўрганиш давомида “ГЛК” коллекторини реконструкция ишларини амалга ошираётган пудратчи ташкилот “Ворис Чина” МЧЖ қўшма корхонаси маъсули ва ишчи ходимларига ишларни жадаллаштириш ва лойиҳада белгиланганидек сифатли бажариш бўйича топшириқлар берилди. Хусусан, айни вақтда объектда жами 8 дона махсус техникалар ҳамда 12 нафар ишчи-ходимлар мавжудлиги ва иш кўламига қараб қўшимча техника ва ишчи кучи жалб қилишга келишиб олинди.

       Маълумот учун “ГЛК” туманлараро коллекторининг жами 32,2 километр қисмида реконструкция (2-босқич) ишлари белгиланиб, шундан 2022-2023 йиллар давомида 14,5 километр қисми бажарилди. 2024 йилда 17,7 километр қисмида реконструкция  қилиш ишлари белгиланиб, шундан бугунги кунда 8,0 километр қисмида реконструкция ишлари олиб борилган ва ишлар давом қилмоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси

Сув хўжалиги вазирлиги Матбуот хизмати