Қоракалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг Тармоқ техник кенгашида 2024 йилда ирригация-мелиорация тармоқларини таъмирлаш-тиклаш ишлари бўйича амалга ошириладиган тадбирлар муҳокама этилди.

Қоракалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Б.Жузбаев, Тармоқ техник кенгаши аъзолари, «Қорақалпоғистонсувқурилишинвест» ДМ масъуллари иштирокидаги тадбирда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 7 мартдаги 04-04/1-3362-сонли йиғилиш баёнига киритилган ирригация-мелиорация объектларини таъмирлаш-тиклаш ишларининг ишлаб чиқилган лойиҳа-смета ҳужжатларини илмий-техник кенгаш аъзолари билан биргаликда кўриб чиқилди.
Дастлаб, Нукус туманидаги “UzGIP” МЧЖ Қорақалпоғистон шўъба корхонаси томонидан лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилган “Кердер” хўжаликлараро каналини тизимли таъмирлаш-тиклаш ишлари бўйича объектининг лойиҳа бош муҳандиси К.Пирназаров маълумот бериб ўтди.
Муҳокамаларда Нукус туманидаги “Каттағар” хўжаликлараро каналини тизимли таъмирлаш-тиклаш объектининг лойиҳаси бўйича “Акмал Водпроект” МЧЖ вакили И.Юлдашев, Тахиатош туманидаги “НК-1” коллектор тармоқларини тизимли таъмирлаш-тиклаш объектининг лойиҳа бош муҳандиси К.Пирназаровларнинг тақдимотлари тингланди.
Тақдимотда қурилиш ташкилотлари томонидан объектларни белгиланган таъмирлаш-тиклаш ишларини ўз муддатида бажаришга тўсиқ бўлаётган масалалар ҳам ўртага ташланди. Таъкидланганидек, “Каттағар” ва “Кердер” хўжаликлараро каналининг ўнг ва чап қирғоқларига табиий шароитда ўсиб чиққан ҳар хил турдаги дарахт ва бутазорлар борлиги қурилиш ишларига ҳалақит қилаётгани, “НК-1” коллекторига насос агрегатини ўрнатиш ва уни электр энергияси билан таъминлаш масалалари ўз ечимини топмасдан қолаётганлиги объектнинг экспертиза хулосасини олиш ишлари белгиланган муддатлардан кечикишига сабаб бўлаётгани каби муоммолар кенг муҳокама этилди.
Келтирилган масалалар юзасидан Тармоқ техник кенгаши аъзолари ўзларининг таклифларини билдиришди. Муҳокама якунида барча объектларда белгиланган таъмирлаш-тиклаш ишларини ўз муддатида бажариш бўйича кўрсатмалар берилди.
Қорақалпоғистон Республикаси
Сув хўжалиги вазирлиги Матбуот хизмати