ЭЛЧИЛАР СУВ ХЎЖАЛИГИ ВАЗИРЛИГИДА ҲАМ БЎЛДИ

Ўзбекистон Республикасининг қирққа яқин чет давлатлардаги Фавқулодда ва мухтор элчилари, мамлакатимизнинг олтмишдан ортиқ чет давлатларидаги дипломатик ваколатхоналари ходимларидан иборат делегация аъзолари Қорақалпоғистонга келди.

Меҳмонлар дастлаб Нукус шаҳрида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан уюштирилган қишлоқ хўжалиги, ҳунармандчилик ва саноат маҳсулотлари кўргазмаси билан танишиб, республиканинг иқтисодий салоҳияти ҳамда инвестицион жозибадорлигига баҳо бердилар.

Шунингдек, экология, таълим, тиббиёт, сув хўжалиги каби устувор йўналишлар бўйича инвестицияларни жалб қилиш бўйича таклифларнинг тақдимоти ўтказилиб, ҳудудда амалга ошириладиган лойиҳалар ва уларга халқаро грантлар ҳамда инвестицияларни жалб қилишнинг аҳамияти ҳақида атрофлича маълумот берилди.

 – Тақдимотимизда Оролбўйи туманларига суғориш учун сув етказиб бериш, сувнинг ҳисобини юритишда янги технологияларни ўрнатиш, сув истеъмолчилари уюшмаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш борасидаги мавжуд муаммоларни бартараф қилишга қаратилган лойиҳалар намойиш этилди, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари А.Мамбеткаримов. – Агар ушбу лойиҳалар қўллаб-қувватланиб, халқаро молия муассасаларининг инвестициялари, донор хорижий давлатлар ҳукуматларининг грантлари ажратилса, республикамизнинг аграр соҳаси, олис овуллардаги аҳолининг турмуш фаровонлиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш салоҳияти янада ошади.

Делегация аъзолари ташриф доирасида Қорақалпоғистон Республикасининг бир неча ҳудудларида ва кўплаб соҳалар бўйича амалга ошириш мумкин бўлган лойиҳаларни ўрганадилар. Улар бу лойиҳаларни ҳаётга татбиқ қилиш юзасидан халқаро грант маблағлари ва инвестицияларни жалб қилишга кўмаклашадилар.  

Элчилар ташрифи доирасида Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигида ҳам бўлишди ва ҳудудда сув тежамкор технологияларни қўллаш ва бу борада илғор технологияларни республикага олиб келиш юзасидан музокаралар олиб боришди.

 

Ғ.Отажонов,

Қорақалпоғистон Республикаси
Сув хўжалиги вазирлиги матбуот котиби