
___ Қорақалпоғистонда кузатилаётган кескин совуқ бироз пасайди ва сувчилар куз-қиш тадбирларини уюшқоқлик билан давом қилдирмоқда.
___ Бугун, яъни 22 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирининг ўринбосари Р.Қаршиев шимолий туманларда бўлиб, ирригация тармоқларини қўл кучи ёрдамида тозалаш ва гидроиншоотлар, сув олиш қулоқларини таъмирлаш ишларини ташкил қилиш жараёнлари билан танишди.
___ Вазир ўринбосари дастлаб, Нукус туманида ташкил қилинган ишлар билан танишиб, ирригация бўлимининг ишни тўғри ташкил қилмагани учун эътироз билдирди. Жумладан, сувчилар бу каби ҳашарларда сув хўжалиги объектларида ишни ташкил қилишлари кераклиги, йўл бўйида ёнтоқ чопишдан кўра ички ариқларни тозалаш ёки, бирор гидротехник иншоотни жорий таъмирлаши, бўяш, гидропостлар ўрнатиш ишлари билан шуғулланиш зарурлиги айтилди. Тадбир давомида мазкур туман ирригация бўлими раҳбари ушбу лавозимда яқинда иш бошлагани ҳисобга олиниб, унга йўналиш бериш мақсадида вазир ўринбосари Р.Қаршиев бошчилигида ҳудуд кўздан кечирилди ва амалга ошириладиган тадбирлар тушунтирилди.

___ -Албатта, билдирилган эътирозлар ўринли ва биз камчиликларимизни бартараф қилиш чораларини кўрамиз, – дейди Нукус тумани ирригация бўлими раҳбари Илхам Тилепбаев. – Ишчиларимизни йўл атрофи ва боғдаги бегона ўтларни тозалаш ишларига жалб қилган эдик. Вазир ўринбосари айни сув йуқ маҳалда ирригация тармоқларини қўл кучи ёрдамида тозалаш ва гидроиншоотларни таъмирлаш ишлари сувчиларнинг ҳозирги кундаги асосий юмушлари бўлиши ва бу ишлар суғориш мавсумида юқори самарадорликка эришишга хизмат қилишини мисоллар билан тушунтириб бердилар.

___ Дарҳол ишчиларимиз билан “Ақманғит” хўжаликлараро каналининг “Ақманғит” пасёлка фуқаролар йиғини ҳудудидаги томорқа майдонларига сув етказишга хизмат қиладиган ички ариққа ўрнатилган гидротехник иншоотни бўяш ва ариқни қўл кучи ёрдамида тозалаш ишларини бошладик. Бугунги билдирилган эътироз ва берилган йўналиш келгуси фаолиятимизда эътиборимизда, бўлади албатта.
___ Ҳа, ҳақиқатан ҳам қайси соҳада бўлмасин “хўжа кўрсин”га қилинган ишнинг фойдасидан зарари кўпроқ бўлиши тайин. Шу жумладан, сув хўжалиги соҳасида ҳам йўл бўйида юзлаб ишчилар қуриган ўтларни чопиб юргандан кўра, ирригация тармоғини тозалаш ёки гидроиншоотларни таъмирлаб мавсумга шай ҳолатга келтириши сувчиларнинг учун 10 карра фойдали бўлиши барчага аён.

___ Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирининг ўринбосари Р.Қаршиев Қорақалпоғистон Сув хўжалиги вазири ўринбосари Т.Мадреймов ҳамроҳлигида «Қизкеткен Кегейли» ирригация тизими бошқармасига қарашли «Дўстлик» сув тақсимлаш иншоотида куз-қиш тадбирлари доирасида амалга оширилган ишлар билан ҳам танишди.
Ғ.Отажонов,
Қорақалпоғистон Республикаси
Сув хўжалиги вазирлиги матбуот котиби