Ҳурматли ҳамкасблар!
Сув хўжалиги тизимининг фидоий ходимлари!
Бугун Сизларга барчамиз учун муҳим аҳамиятга эга бўлган масала —коррупцияга қарши курашиш, унинг олдини олиш борасида мурожаат қилмоқдаман!
Биламизки, мамлакатимизда сувдан самарали фойдаланиш, сувни тежайдиган технологияларни жорий этиш, суғориш тизимларини модернизация қилиш ва сув хўжалигини бошқаришнинг инновацион усулларини қўллаш бугунги кунда олдимизда турган энг долзарб масала, Президентимизнинг соҳа ходимлари олдига қўйган қатъий талаби!
Барчангизнинг хабарингиз бор, юртимизда коррупцияга қарши кураш – давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Президентимиз табири билан айтганда коррупция – ислоҳотлар йўлидаги энг катта тўсиқ ва ғовдир.
Кейинги йилларда жамиятимизда коррупция муаммосини жамоатчилик муҳокамасига олиб чиқадиган очиқ тизим, очиқ муҳит яратилди. Айниқса, оммавий ахборот воситаларининг бу борадаги ўрни ва таъсири ортиб бормоқда. Кунда, кун ора мансаб ваколатларини суиистеъмол қилганлар, кимнингдир ишончига кириб фирибгарлик йўли билан катта миқдордаги пулларини ўзлаштирмоқчи бўлган, ёки қайсидир масъул томонидан пора берувчининг манфаати учун қайси ҳаракатларни бажариш ёки бажармаслик эвазига пора олинганлигига оид хабарларни ОАВ ва расмий ижтимой тармоқларда кузатиб бормоқдамиз.
Албатта, бу ҳолатлар барчамизни огоҳликка чорлаши, қорақалпоғистонлик сув хўжалиги ходимлари фаолияти билан боғлиқ бу каби хунук ҳолатлар юз бермаслиги учун кундалик ишимизни белгиланган қонун ва қарор талаблари даражасида олиб боришимиз шарт ва зарур.
Ҳурматли сувчилар!
Сув хўжалигида коррупция ҳолатларини камайтириш борасида кўплаб тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Сув хўжалигини коррупциядан холи соҳага айлантириш учун кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Шу ўринда, барча сувчилар “коррупциядан холи соҳага айлантириш”, деган сўзнинг моҳиятини чуқур англашини сўрардим. Сувнинг ҳисобини юритиш бўладими, қурилиш, каналларни тозалаш бўладими ҳамиша юрагимиздан ўтказиб, ҳис қилиб туришимиз лозим.
Минг шукрки, бу йилги суғориш мавсумида дарёмиздан етарлича сув келиб турибди. Лекин, туманлардаги айрим масъуллар туман чегарасига етказилган сув миқдорини адолатли тақсимламаслиги натижасида олис овулларга сув кечроқ боришига, аҳолининг эътирозига сабаб бўлмоқда.
Тўғри, Қорақалпоғистоннинг сув ресурсларини бошқариш бошқа минтақалардан фарқли ва каналларнинг асосий қисми тупроқ ўзанли бўлгани боис сув йўқотишлар нисбатан кўпроқ. Лекин, бу каби омилларни ҳисобга олган ҳолда ҳам олинган сувга нисбатан ҳисоботда катта фарқ бўлмаслиги керак. Шу нуқтаи назардан “Сув етказиб бериш хизмати” давлаб муассасаси раҳбарлари, масъул ходимлари сувнинг ҳисоб-китобини шоффоф юритиши, яъни олинган сувни солиқ ҳисоботига тўғри киритиб боришлари зарур. Акс ҳолда, бу ерда коррупция аломатлари борлиги бўйича шубҳа уйғониши, уларнинг фаолияти устидан ўрганиш ўтказилиб, ишига баҳо беришга сабаб бўлиши мумкин.
Зеро, Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганларидек: “Ислоҳотлар йўлидаги энг катта тўсиқ ва ғов – бу коррупциядир. Коррупция шундай ёвуз иллатки, у халқнинг давлатга, Конституция ва қонунларга ишончига путур етказади, барқарор ривожланиш ва хавфсизлик учун жиддий таҳдидга айланади.”
Кейинги йилларда сув хўжалигида рақамли технологияларни кенг қўллаган ҳолда сув ресурсларини бошқариш ва сув ҳисобини юритишнинг шаффоф тизими йўлга қўйилмоқда. Шунингдек, сув хўжалиги объектларини қуриш ва реконструкция этиш борасидаги ишлар, амалга ошириладиган лойиҳалар “Шаффоф қурилиш” дастури жорий этилганидан кейин бу соҳада ҳам ижобий ўзгаришлар сезилди, албатта.
Шу билан бирга сув хўжалиги соҳасига малакали кадрларни жалб қилиш ва уларни лавозимга тайинлашда ҳам инсон омилининг иштироки кескин камайтирилди. Жумладан, бу борада қабул қилинган норматив ҳужжатлар асосида соҳада манфаатлар тўқнашуви, непотизим ва ҳоказо салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида бўш иш ўринлари тўғрисидаги ахборотлар ҳамиша тегишли сайтлар орқали кенг жамоатчиликка эълон қилиниб келинмоқда. Жумладан, вазирлик ҳамда тизим ташкилотларидаги давлат хизматчиси ҳисобланадиган лавозимларга ишга қабул этиладиган номзодларнинг ҳужжатлари Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан vacancy.argos.uz сайти орқали қабул қилинади.
Ишга қабул қилиш жараёни ҳам тегишли платформа орқали тест синовлари ва бошқа малака талаблари асосида амалга оширилади. Шунингдек, туманлардаги сув хўжалиги ташкилотлари ходимларидаги вакант ўринларига ишга қабул қилиш ҳам Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг ҳудудий бўлимлари орқали очиқ танлов асосида амалга оширилиб келинмоқда. Очиқ танловда малака талаби, иш стажи ва бошқада кўрсаткичларига асосан тўғри келган тақдирда босқичма босқич амалга оширилади.
Аммо афсуски, сув ресурсларидан фойдаланиш соҳасида ҳам айрим салбий ҳолатлар — коррупция, бюрократия, манфаатпарастлик каби иллатлар юзага келмоқда. Бу иллат нафақат тизимни емиради, балки халқимиз ишончини, фидойи мутахассисларнинг меҳнатига бўлган эътирофни ҳам заифлаштиради.
Сув хўжалиги соҳаси жамият ва иқтисодиётнинг стратегик тармоқларидан бири сифатида, ўз фаолиятида мутлақо шаффоф, ҳалол ва самарали бўлиши шарт!
Коррупцияга қарши курашиш — бу фақат назорат органларининг вазифаси эмас. Бу ҳар биримиз – раҳбарми, муҳандисми, мутахассис ёки миробми – ҳамманинг шахсий бурчи ва масъулияти!
Ҳалоллик – бу ҳар бир сув хўжалиги тизими ходимининг “ташриф қоғози” бўлмоғи лозим. Фидойи, ҳалол ва ўз вазифасига виждонан ёндашадиган инсонлар бор жойда тизим барқарор, натижа самарали ва энг муҳими халқ рози бўлади.
Эътиборингиз учун раҳмат!