Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг ўтган Ҳайъат йиғилишида берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида гидрометр мутахассисларининг малакасини ошириш бўйича ҳудудлардаги “Сувчилар мактаби”да ўқув семинарлар ўтказилмоқда.

Бугун Нукус шаҳридаги “Сувчилар мактаби”да Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги тасаруфидаги ташкилотларда фаолият олиб бораётган гидрометрларнинг иккинчи гуруҳига назарий ўқув семинарлари бошланди. 20-22 октябрь кунлари 1-гуруҳдаги гидрометрларназарий ва амалий машғулотларда иштирок этиб, малакаларини оширган эдилар.
Семинар давомида Сув хўжалиги вазирлиги масъуллари ҳамда Ирригация ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институтининг олимлари гидрометрларга назарий ббилимлар бериш билан бирга каналларга чиқиб, амалиётда сувни ўлчаш тадбирларини ҳам ўргатиши режалаштирилган.
Семинарда вилоят сув хўжалиги ташкилотларида фаолият юритаётган гидрометрлар иштирок этиб, сув хўжалигидаги илғор тажрибалар, замонавий технологиялар ва илмий ёндашувлар билан танишдилар.

-Гидрометрларнинг малакасини оширишга қаратилган ўқув дастурида бир неча долзарб мавзулар танлаб олинган, – дейди Ирригация ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институтининг Қорақалпоғистон минтақавий маркази раҳбари С.Курбанбаев. -Гидрометриянинг мақсад ва вазифалари, гидропостлар учун участкаларни тўғри танлаш ва баҳолаш, сув сарфини аниқлаш ва ҳисоблаш усуллари, гидротехника иншоотларини эксплуатация қилиш ва техник хизмат кўрсатиш, гидропостларни даражалаш ва қиёслаш, замонавий сув сарфини ўлчаш воситалари ва услублари ва бошқа масалалар шулар жумласидандир.

Шу билан бирга 3 кунлик малака ошириш семинарида тингловчилар танланган гидроучасткада амалий машғулотларда иштирок этиб, сув сарфини ўлчаш, ҳисоблаш ва “Сув ўлчаш варақаси”ни тўғри тўлдириш бўйича амалиёт ўтайдилар. Ўйлайманки, уу тадбирлар гидрометрларнинг касбий билим ва малакаларини янада оширишга хизмат этади.
Маълумот учун Қорақалпоғистондаги гидрометр мутахассисларининг малакасини ошириш бўйича семинарлар 20-29 октябр оралиғида 3 та гуруҳда ўтказилиши белгиланган. Семинарда жами 90 нафар гидрометрнинг малакасини ошириш режалаштирилган.
Қорақалпоғистон Республикаси
Сув хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати