Сув хўжалиги вазирлиги томонидан тасдиқланган ҳафталик режа графикда белгиланган вазифалар доирасида сув хўжалиги объектларида қурилиш ва реконструкция ишларини муҳокама этиш ҳамда келгуси вазифаларни белгилаб олиш юзасидан Хўжайли туманидаги «Ширин-жап» каналида бошланган бетонлаш ишлари масъуллар иштирокида ўрганилди.
Тадбир давомида Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, «Қорақалпоғистонсувқурилишинвест» давлат муассасаси масъул раҳбарлари ва пудратчи қувувчи ташкилот раҳбарлари ҳамда лойиҳачи масъуллар билан биргаликда «Ширин-жап» каналини қазиб бетонлашга тайёрланаётган қисмидан бетонлашгача бўлган жараёнларни кўздан кечирдилар.

Ўрганиш давомида “Бунёдкор Жанубий СҚБ ” МЧЖ бошлиғи Д.Юсупов мазкур канални бетонлаш ишларини сифатли ва барча ишлар лойиҳада кўрсатилган талаблар асосида амалга оширилиши учун тажрибали мутахассислар ва барча зарур техника ва асбоб-ускуналарни ушбу объектга жалб қилганини таъкидлаб ўтди. Шунингдек, объектда амалга оширилаётган иш жараёнлари билан батафсил таништириб ўтди.

Таъкидланганидек, «Ширин-жап» каналини реконструкция қилиш Ҳукуматимизнинг тегишли қарори асосида 2024 йилнинг давлат дастурига киритилган. Бугунги кунгача объектда бош пудратчи “Бунёдкор Жанубий СҚБ” МЧЖ томонидан 2,8 километр узунликда 4458 метр куб тупроқ-қазиш бетонлаш ишларига тайёргарлик, шундан 538 метр узунликда каналда 279,0 метр куб бетонлаш ишлари амалга оширилди. Объектда жами 10 дона махсус техникалар ҳамда 80 нафардан ортиқ ишчи-ходимлар иш олиб боришмоқда.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазир Б.Жузбаев «Ширин-жап» каналининг бетонлаш ишларини суғориш мавсумигача якунлаш зарурлигини таъкидлаб, бу борада масъулларга топшириқлар берди. Жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирининг ўринбосари Т.Мадиреймов, «Қорақалпоғистонсувқурилишинвест» давлат муассасаси директори И.Мамбетов ҳамда “Бунёдкор Жанубий СҚБ ” МЧЖ бошлиғи Д.Юсуповларга бетонлаш ишларини жадаллаштириш юзасидан аниқ топшириқлар берилди.

Маълумот учун: Хўжайли туманидаги «Ширин жап» канали 1993 йилда қурилиб фойдаланишга топширилган. Узунлиги 3,0 км. Лойиҳавий сув ўтказиш қобилияти секундига 1,5 метр кубни ташкил қилади. Канал “Суенли” магистрал каналидан сув олиб, тумандаги “Мустақиллик”, “Саришунгул” ва “Амударё” ОФЙ ҳудудидаги фермерлар ва аҳолининг томорқа майдонларини сув билан таъминлайди.
Бугунги кунда каналнинг тубини лойқа босган, қирғоқларнинг айрим жойлари емирилган ва қирғоқларида дарахтлар ўсиб каналнинг кўлами кичрайиши ҳисобига сув ўтказиш қобилияти секундига 0,5 метр кубга пасайганлиги сабабли, каналнинг фойдали иш коэффиценти 0,65 гача тушиб қолган.
Натижада ушбу каналга боғланган фермер ва аҳоли томорқалари ер майдонларини кафолатли сув билан таъминлашда муаммолар вужудга келиб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда ҳосилдорликка салбий таъсир кўрсатаётган эди.
“Ширин жап” каналининг бош қисмида сув ўтказиш қобилияти секундига 1,5 метр кубга етказилса, каналнинг фойдали иш коэффициенти 0,65 дан 0,90 га кўтарилади. Натижада сувнинг тезлиги ошиши ҳамда филтрациянинг олди олиниши натижасида йилига ўртача 1,5 млн. метр куб сув иқтисод қилиниб, 23 та фермер хўжаликларининг жами 1670 гектар ер майдонлари кафолатли сув билан таъминланишига эришилади.
Ғ.Отажонов,
Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги матбуот котиб