__Бугун ижтимоий тармоқларда “Төрткүл: «Каналға сыймаған суў үйлерди басып кетти»… сарлавҳаси билан тарқатилган ҳолат юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз. Айни кунларда республикамиз ҳудудларида шўр ювиш тадбирлари олиб борилмоқда. Ушбу тадбирни уюшқоқлик билан ўтказиш мақсадида сув хўжалиги ташкилотларининг барча куч ва имкониятлари сафарбар этилмоқда. Лекин шунга қарамай, айрим ҳудудларда сувнинг беҳуда исроф қилиш ва шу каби салбий ҳолатлар ҳам учрамоқда.
___ Бугун, яъни 24 февраль эрталабки соат чамаси 3-4 лар атрофида Тўрткўл тумани ҳудудидаги «Калтаминор-1» хўжаликлараро каналининг 192-пикетидаги қирғоғи (дамбаси)дан сув чиқа бошлагани натижасида ҳудудга яқин хонадонлар ва уларнинг томорқа майдонларига зарар етган.
___ Зудлик билан ушбу ҳолатни бартараф этиш мақсадида ишчи кучлари, махсус техникалар жалб этилиб, соат 7.00 да каналнинг сув чиқаётган жойи тўлиқ ёпилган.

___ Тўрткўл тумани ирригация бўлими балансидаги «Калтаминор-1» канали лойиҳа бўйича 18 м3/сек сув ўтказиш қобилиятига эга бўлиб, шу куни каналга 13 м3/сек сув очилган. Бу каналга меъёридан ортиқ сув ташланмаганини кўрсатади.
___ Дастлабки маълумотларга кўра, сув дастлаб, канал қирғоғида пайдо бўлган бўшлиқдан сизиб чиққанлиги тахмин қилинмоқда. Негаки, каналда ўтган йилнинг куз фаслидан буён ҳозирги баландликда сув оқмаган ва бу кемирувчиларнинг уя қуришига замин яратган бўлиш эҳтимоли юқорлигини билдиради.

___ Каналнинг қирғоғини сув ювиб, юзага келган тошқин натижасида ҳудуддаги 8 та аҳоли хонадонлари ва уларнинг қўшимча қурилмаларига зарар келтирилган ва бу борадаги зарар миқдорларига аниқлик киритилмоқда. Айни вақтда ушбу ҳолат тегишли мутасаддилар томонидан ўрганилмоқда. Жумладан, ушбу салбий ҳолатнинг юзага келишида ҳудудга бириктирилган сувчиларнинг масъулиятсизлиги ёки айрим сув истеъмолчилари (фермер, томорқа эгалари)нинг сувни бошқаришда белгиланган меъёр ва талабларга бўйсинмасдан ўзбошимчалик билан ҳаракат қилган ҳолатлари бор йўқлигига аниқлик киритилмоқда.

___ Юқоридаги ҳолатдан хулоса қилган ҳолда аввало, барча сувчилар ҳудудларидаги гидроиншоотлар бошқарувини қаттиқ назоратга олишларини ва сув истеъмолчиларидан дала майдонларини суғоришда етарлича сувчиларни жалб қилган ҳолда сувни куну-тун назорат қилишларини сўраймиз.
Қорақалпоғистон Республикаси
Сув хўжалиги вазирлиги Матбуот хизмати