___Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги масъуллари Халқаро Сув ресурсларини бошкариш институтининг Сув, озиқ-овқат ва атроф муҳит бўйича дастур директори Стефан Ухленбрук, Халқаро Сув ресурсларини бошқариш институтининг илмий ходимлари Бунёд Холматов ва Қахрамон Жумабоевлар билан учрашди.

___Учрашувда Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазири в.б. А.Реимбаев, вазирнинг биринчи ўринбосари Б.Жузбаев, вазир ўринбосари Т.Мадиреймов, Ирригация ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институти Қорақалпоғистон минтақавий маркази директори С.Қурбанбаевлар иштирок этиб, Қорақалпоғистонда сув ресурсларини бошқариш тизими ва ирригация тармоқларининг ҳолати бўйича ҳамда халқаро лойиҳалар асосида амалга оширилиши режалаштирилаётган ишлар ҳақида маълумот бердилар. Шунингдек, сув хўжалиги объектларига ўрнатилаётган рақамли технологияларни бир дастурда жамлаган ҳолда оддий, яъни замонавий уяли телефон орқали кузатиш имконини берувчи дастурлар яратиш борасида ҳам таклифларини беришди.

___Учрашувда Халқаро Сув ресурсларини бошқариш институти (ХСРБИ) ходимлари билан сув хўжалигида рақамли технологияларни жорий қилиш бўйича фикр алмашилди. “Сув ҳавзаларида сувни бошқаришни яхшилашда Масофадан зондлаш ва географик ахборот тизими, ҳамда компьютер моделларини қўллаш” мавзусида амалий семинар ўтказиш буйича келишиб олинди.

___ Ушбу семинар Ўзбекистон Республикаси сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020 — 2030 йилларга мўлжалланган Концепциясининг Сув хўжалигида замонавий ахборот-коммуникация технологияларни жорий этишга мўлжалланган бўлимига мувофиқлиги, шунингдек, соҳада инноватцион рақамли технологияларни жорий этиш ва уларни амалиётда кенг тадбиқ қилиш бўйича амалий ишларни бажариш билан боғлиқлиги билан аҳамиятлидир.
Ғ.Отажонов,
Қорақалпоғистон Республикаси
Сув хўжалиги вазирлиги матбуот котиби