
Ҳар йилги анъанага кўра мустақиллик байрами олдидан Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги тасарруфидаги ташкилотлар ҳам таъмирлаш ва ободонлаштириш тадбирларини бошлаб юборишган. Мақсад энг улуғ, энг азиз айём бўлган истиқлол байрамини обод ва янада кўркам масканда нишонлаш, ён атрофларни ободонлаштириб байрамона руҳ улашишдир. Тизимда меҳнат қилаётган барча ишчи-ходимларнинг кайфияти юқори, улар ўз жамоаларида уюштирилаётган ҳашарларда уюшқоқлик билан иштирок этаётир.
Хусусан, шу кунларда вазирлик тасарруфидаги Беруний насос станциялари ва энергетика бошқармасининг маъмурий биноси таъмирдан чиқарилмоқда. Бунда жамоат ишларига жалб қилинган ишчилар хизматидан ҳам самарали фойдаланиляпти. Улар асосий уста қурувчиларга кўмакдош бўлиш билан бирга маъмурий бино ва насос станциялари атрофларини ободонлаштиришда фаол иштирок этмоқда.

Маъмурий бинонинг фасад қисмлари сувоқдан чиқарилди. Таъмирлаш жараёнида 49 дона дераза ва 32 дона эшик ромлари янгисига алмаштирилади. Шунингдек, иситиш тизими ва том қисми янгиланади. Ҳашар йўли билан қилинаётган ушбу таъмирлаш ишларини 15 сентябрга тугаллаш режалаштирилган.
Шунингдек, бошқармага қарашли барча насос станцияларининг насос агрегатларини янгидан бўяш, атрофларини ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда.
|
Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги Матбуот хизмати |