Нукус тумани: СУВ ТЕЖОВЧИ ТЕХНОЛОГИЯЛАР – КЕЛАЖАК ТЕХНОЛОГИЯСИ

___ Нукус тумани “Шортанбай” ҳудудидаги “Дон ва шоли илмий ишлаб чиқариш бирлашмаси” хўжалигида сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, махсус хизмат фаолияти, сув тежовчи технологияларни жорий қилиш ва бу борада қабул қилинган қарорларнинг мазмун-моҳиятини кенг тушунтириш юзасидан кўргазмали семинар ўтказилди.

      

___ Семинарда Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Б.Жузбаев, Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги бошқарма бошлиғи А.Альбеков ва бошқа масъуллар сўзга чиқиб, семинар кун тартибидаги масалалар юзасидан амалга оширилаётган ишлар ва истиқболдаги  вазифаларга тўхталиб ўтдилар.

___ Хусусан, семинарда иштирок қилган кластер ва фермер хўжалиги вакиллари, ҳудуддаги сув хўжалиги ходимларига Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 1 апрелдаги “Сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида” ПҚ-107-сонли қарори, 2022 йил 1 мартдаги “Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқаришни такомиллаштириш ҳамда сув истеъмолчилари орасидаги муносабатларни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 19 апрелдаги 196-сонли қарорларининг мазмун моҳияти кенг тушунтирилди. Шунингдек, масъуллар ушбу қарорлар талабларини бажаришда Нукус туманида йўл қўйилаётган хато камчиликларга алоҳида тўхталиб ўтдилар.

___ Жумладан, пахта ва ғалла майдонларида сув тежовчи технологияларни кенг жорий қилиш, ғалла майдонларини 100 фоиз лазер қурилмаси ёрдамида текислаш зарурлиги таъкидлаб ўтилди.

___ Ушбу масала юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг бош мутахассиси  А.Қидирбаев сўзга чиқиб, сув тежовчи технологияларни жорий қилганларга субсидиялар ажратилиши бўйича кенг тушунтирдилар. Айни кунларда 2022 йилда сувни тежайдиган технологияларни жорий қилган ҳамда субсидия маблағларининг 50 фоизини олган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларига мазкур технологияларни ишлатилишига қараб белгиланган субсидия миқдорининг қолган 50 фоизи туман ишчи гуруҳи хулосаси асосида ажратилиши айтиб ўтилди.

___ Шунингдек семинарда сув ресурсларини бошқариш, ирригация бўлими қошидаги махсус хизмат фаолиятини такомиллаштириш, сув истиеъмолчиларига сифатли хизмат кўрсатишни яхшилаш борасидаги амалга оширилган ишлар ҳақида ахборот берилди.  

___ Унда келтирилганидек, ҳозирги кунда 16 та туман ирригация бўлимлари таркибида сув хўжалиги махсус хизматлари ташкил этилган бўлиб, уларда 175 нафар ишчи ходимлар фаолият кўрсатмоқда. Шундан 85 нафари олий, 72 нафар ўрта махсус ҳамда 18 нафари ўрта маълумотга эга ходимлардир.

___ Бугунги кунда туман ирригация бўлимлари таркибидаги сув хўжалиги махсус хизматлар томонидан 2023 йил учун жами 26,9 млрд. сўмлик бизнес режалар ишлаб чиқилган ва январ-июль ойларида жами 8,7 млрд. сўмлик хизматлар кўрсатилди. Сув истеъмолчилар томонидан 4,11 млрд.сўм маблағлар махсус хизмат ҳисоб рақамларига тўлаб берилган.

___ Тадбир иштирокчилари Нукус туманида томчилатиб суғориш технологияси ўрнатилган пахта майдонларини ва ғалладан бўшаган майдонга экилган картошка майдонларини бориб кўрди. Фермерларга ушбу янги суғориш технологиясининг афзалликлари тушунтирилди.

___ Семинарда муҳокама этилган масалалар юзасидан ҳудудий сув хўжалиги масъуллари ва бўлим раҳбарларига тегишли топшириқлар берилди. Шунингдек, сув истеъмолчиларига мавжуд сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш зарурлиги, экин майдонларида сув тежовчи технологияларни кенг жорий қилиш тавсия этилди.

___ Зеро, сув танқислиги ортиб бораётган кейинги йилларда сув тежовчи технологиялар – келажак технологияси, дея бежиз таърифланмаяпти.

Қорақалпоғистон Республикаси

Сув хўжалиги вазирлиги Матбуот хизмати