КУЗГИ-ҚИШКИ ТАДБИРЛАР СИФАТИ ЎРГАНИЛДИ

   Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Ш.Хамраев сув хўжалиги объектларида куз-қиш тадбирлари доирасида амалга оширилаётган вазифалар, давлат дастурлари ижроси ҳамда сув ресурсларидан самарали фойдаланиш борасидаги ишлар билан яқиндан танишиш, келгуси вазифаларни ҳудудлардаги масъуллар билан муҳокама этиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикасига ташриф буюрди.

     Сув хўжалиги вазири дастлаб, Кегейли тумани “Жана базар” ҳудудидаги “Беглер беги” каналини бетонлаштириш ишларини бориб кўрди. Бу ердаги ҳашарда иштирок этаётган сувчилар билан мулоқот қилди.

     Сув хўжалиги вазири Ш.Хамраев мулоқот давомида ҳудуддаги сув хўжалиги масъулларидан бетонланаётган мазкур каналдан қанча сув истеъмолчиси фойдаланиши, суғориладиган умумий майдон ҳақида сўради.  Суҳбат давомида суғориладиган майдонга нисбатан мазкур каналнинг сув ўтказиш қобилияти юқорилиги, бу эса бетонлаштириш ишларини бошламасдан олдин тўғри ҳисоб-китоб қилинмагани танқид қилинди.

    Аввало, сувни иқтисод қилишга қаратилган бетонлаштириш ишлари ҳам ҳисоб-китобли бўлиши, сарфланадиган харажатларни ҳам мақсадли ва оқилона ишлатиб, кўпроқ каналларни бетонлаш зарурлиги  таъкидланди.

   Шунингдек, ҳудуддаги фермер ҳамда маҳалладаги томорқа эгалари бетонлаштириш ишларига ҳашарга келаяптими, йўқми мана шу масалалар ҳам муҳокама этилиб, бу ишларга фермер ҳамда бошқа сув истеъмолчилари ҳам ўз ҳиссаларини қўшишлари зарурлиги бўйича топшириқлар берилди.

    Кегейли тумани “Сув етказиб бериш хизмати” ДМ директори Кенесбай Темирхановга берилган топшириқларни назоратга олиб, ижросини таъминлаш, ҳашарчиларга етарлича шароит яратиш, сувчи ходимларни қўшимча рағбатлантириб бориш учун ёрдамчи хўжаликларни, жумладан, ўрдакхоналарни ташкил этиш бўйича кўрсатма берилди.

     Шунингдек, Сув хўжалиги вазири ушбу тумандаги “Жилуан жап” каналида давлат дастури доирасида олиб борилаётган бетонлаштириш ишлари билан танишди. Олинаётган кунлик бетон ҳажмини кўпайтириш, ишни икки сменада ташкил этиш бўйича масъулларга топшириқлар берилди.

   

Маълумот учун: “Жилуан жап” канали 1952 йили қурилган. Умумий узунлиги 15,0 км бўлиб, лойиҳавий сув ўтказувчанлик қобилияти канал бошида 5,0 м3/сек. Реконструкция ишлари олиб бориладиган ПК107+32 дан ПК117+32 пикетигача оралиқда сув ўтказувчанлик қобилияти 3,0 м/3 сек.

    “Жилуан жап” канали “Жилуан жап” МФЙ, “Нурли бостан” МФЙ, “Жанабазар” ОФЙ ва “Актуба” ОФЙ лари ҳудудидаги жами 4918 гектар ер майдонларини сув билан таъминлашга хизмат қилади.

     Дастур доирасида каналнинг ПК107+32 дан ПК117+32 пикетигача бўлган 1,5 км қисмини бетонлаштириш, шунингдек, 1 дона сув тўсувчи гидротехник иншоот, 8 дона сув олувчи гидротехник иншоотни реконструкция қилиш ҳамда темир панжаралар ўрнатиш ишлари белгиланган.

 Объектда “Нукус дренаж реконструкция” МЧЖ томонидан қурилиш-монтаж ишлари амалга оширилмоқда. Объектнинг умумий қурилиш-монтаж ишлари қиймати 2,526 млн.сўмни ташкил қилади. Бугунги кунгача каналнинг 0,5 км қисмида бетонлаштириш ишлари бажарилган.

 Қорақалпоғистон Республикаси

Сув хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати