сув таъминотини яхшилашга замин яратмоқда
___ Президентимизнинг Қорақалпоғистон Республикасига ўтган йил 23–24 февраль кунлари қилган ташрифи доирасида Оролбўйининг сув таъминотини яхшилаш, бу борада мавжуд муаммоларни бартараф этишга қаратилган топшириқлари ижросини таъминлаш мақсадида “Тахиатош” гидроузелининг юқори бьефида лойқаларни тозалаш ишлари олиб борилмоқда.

___ “Тахиатош” гидроузели 1974 йили фойдаланишга топширилган бўлиб, гидроузелнинг қопқоқли тўғон олдида йиғилиши мумкин бўлган лойқа чўкиндилар Амударё дарёси суви меъёрида бўлган даврларда гидравлик усул билан ювилиб турган. Аммо, кейинги йилларда минтақада кузатилган сув танқислиги сабабли гидроузел юқори бьефда узоқ вақт давомида баланд сув сатҳини ушлаб туриш режимида ишлаган. Натижада гидроузелнинг юқори бьефи лойқа чўкиндилари билан кўмилиб, дарё ўзанининг катта қисмида пайдо бўлган лойқалар усти ва қирғоқ бўйлаб қамиш ва бошқа ўсимликлар ҳосил бўлган. Бу магистрал каналларга сув етказишга ҳамда сув миқдори ошган пайтда, дарёнинг қуйи қисмига етарли миқдорда сув ўтказиш қуввати пасайишига олиб келаётган эди.

___ – Ўтган йилнинг сентябрь ойида “Шаффоф қурилиш” платформаси орқали тегишли тартибда мазкур ишларни амалга оширадиган пудратчи “Бунёдкор Мерос” МЧЖ корхонаси билан шартнома тузилди, – дейди Амударё ҳавзаси сув хўжалиги бирлашмаси Қуйидарё бошқармаси бош муҳандиси Тенелбай Нурмаганбетов. – Лойқаларни тозалаш учун земснарядлар ва уларнинг ишлаши учун электр тармоғи зарур эди. Дастлаб земснарядлар билан қазиладиган ҳудудлар аниқланиб, электр тармоқлари тортилди ва қазиб тозалаш ишлари уюшқоқлик билан бошлаб юборилди.

___ Айни вақтда 11 дона земснаряд, 7 дона экскаватор, 4 дона бульдозер ва 6 дона автосамосвал “Тахиатош” гидроузелининг юқори бьефини лойқа чўкиндилардан тозалашга жалб қилинган. Ушбу машина-механизмлар билан жорий йилнинг 1 июлигача 1 106,223 минг м3 лойқа чўкиндилар чиқарилди. Механизаторларга объект бошида дам олишлари ва навбат билан самарали ишлашлари учун қулай шароитлар яратилган.

___ Маълумот ўрнида келтириш жоизки, дарё ўзани тубининг 2–2,5 метр кўтарилиши унинг иш режимининг ёмонлашишига, яъни каналларга керакли сув миқдорларини етказишда муаммолар бўлаётган эди. Шунингдек, қуйи бьефга сув ўтказиш қувватининг пасайишига, дарё оқимларининг тўғридан-тўғри ўтиб кетишидан каналларнинг кўмилиб қолишига ҳам сабаб бўлаётган эди.

___ Бошқарма ходимларининг таъкидлашича, айни кунда Амударёнинг ўнг ва чап соҳилидаги барча туманларга магистрал каналлар орқали сув етказилмоқда. Эътиборлиси, гидроузелнинг юқори бъефида лойқаларни тозалаш ишларининг амалга оширилиши сувларни каналларга осон йўналтириш билан бирга энг олис ҳудудларнинг сув таъминоти яхшиланишига замин яратмоқда.
Ғ.Отажонов,
Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги
вазирлиги матбуот котиби