Бугун, яъни 25 июль куни Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигида йиғилиш ўтказилди. Йиғилишда ташкилий масала кўрилди.

Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазири лавозимига Жузбаев Бахтияр Ерганиевич тайинланди.
Йиғилишда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раисининг ўринбосари Дарьябай Кайпов, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг масъул ходими, фахрий сувчи Муратбай Абдиров, Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг Ахборот ресурс ва таҳлил маркази бўлим бошлиғи Нуркамол Атакуловлар сўз олиб, Вазир лавозимига тайинланаётган кадрнинг иш фаолияти, хусусан сув хўжалиги соҳасидаги тажрибасига алоҳида тўхталиб ўтдилар. Шунингдек, сув хўжалиги тизимида амалга ошириладиган ишлар, амалга ошириладиган вазифаларга тўхталиб ўтдилар.



Ўз навбатида Б.Жузбаев сув хўжалиги соҳасидаги вазифаларни вазирлик жамоаси ва барча тизим ташкилотлари билан биргаликда бажаришга бор куч-ғайратини сафарбар қилишини таъкидлади.
Маълумот учун: Жузбаев Бахтияр Ерганиевич 1966 йил Қорақалпоғистон Республикасининг Тахтакўпир туманида туғилган. 1992 йил Москва гидромелиоратив институтини тамомлаган. Маълумоти бўйича мутахассислиги муҳандис-гидротехник.
Меҳнат фаолиятини «Тахтакўпир» совхози ишчиси лавозимидан бошлаган Бахтияр Жузбаев олий ўқув юртини битириб келгач, халқ хўжалигининг турли соҳаларида масъулиятли лавозимларда меҳнат қилди.
Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш бўйича давлат қўмитасининг Республика сув ресурсларини муҳофаза қилиш инспекцияси мутахассиси, Қорақалпоғистон Республикаси Тахтакўпир тумани Ер муносабатлари ва кўчмас мулк кадастри хизмати бошлиғи, Қорақалпоғистон Республикаси Оролбўйи Республика бирлашмаси бош мутахассиси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг Қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича котибияти бош мутахассиси, Қорақалпоғистон Республикаси «Сувназорат» инспекцияси бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари, шунингдек, 2022 йилнинг январь ойидан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган эди.
Қорақалпоғистон Республикаси
Сув хўжалиги вазирлиги
Матбуот хизмати