Жорий йилнинг 7 ноябрь куни Президентимиз раислигида қишлоқ хўжалигида сув ва энергия манбаларидан оқилона фойдаланиш ҳамда йўқотишларни камайтириш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида ноябрь-март ойлари каналларни бетонлаш учун энг қулай вақтлиги таъкидланган эди.

Айни кунларда Қорақалпоғистон Республикасидаги сув хўжалиги ташкилотлари ҳамда ҳудудлардаги фермер ва кластерлар томонидан жорий мавсумда бетонланадиган канал ва ариқлар режаси белгилаб олинган. Шунингдек, масъуллар иштирокида каналларни бетонлаш ишларига бағишланган кўргазмали семинарлар ташкил этилмоқда.
Тўрткўл туманидаги “Шўрахон яп” каналининг бетонлаш ишлари амалга оширилаётган қисмида ўтказилган ана шундай тадбирда туман ҳокимлиги, прокуратураси, қишлоқ ва сув хўжалиги масъуллари ҳамда фермер хўжаликлари раҳбарлари иштирок этди.
-Сув йўқотишларни камайтиришга ҳар бир сув истеъмолчиси масъул, дейди Тўрткўл туман “Сув етказиб бериш хизмати” давлат муасасаси директори А.Реймбаев. – Бизнинг сув хўжалиги ташкилотимиз ҳисобидаги 40 километр ҳамда кластер ва фермер хўжаликлари бўйича ҳам каналларни бетонлаш бўйича режа белгиланган. Шунга кўра, бетонлаш ишларини уюшқоқлик билан олиб бормоқдамиз.
Масъуллар иштирокида ўтказилган семинарда ички канал ва ариқларда сув йўқотишлар кўп бўлаётгани ва бунинг олдини олиш мақсадида ҳар бир фермер бетонлаш ишларига ҳисса қўшиши зарурлиги таъкидланиб, амалга ошириладиган вазифалар белгилаб олинди.
Қорақалпоғистон Республикаси
Сув хўжалиги вазирлиги Матбуот хизмати