«Чортоқ тажрибаси» бўйича семинар-тренинглар давом этмоқда

      Қорақалпоғистон Республикасининг Қонликўл, Тахтакўпир, Қораўзак, Чимбой, Бўзатов, Нукус ва Кегейли туманларида “ЧОРТОҚ ТАЖРИБАСИ” асосида насос станциялари ва суғориш тармоқларини давлат-хусусий шериклик асосида бошқарувга беришнинг мазмун ва моҳияти, афзалликлари ҳамда тартиб ва шартларини тушунтириш бўйича семинар-тренинглар ташкил этилди.

    Семинарларда туман ҳокимлари, Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазири ва ўринбосарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг масъул ходими, Қорақалпоғистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги бўлими,  “Агро банк” ҳудудий филиали масъуллари, ҳудуддаги сув хўжалиги масъуллари, кластер, фермер ва деҳқон хўжаликлари раҳбарлари иштирок этдилар.

Тадбирларда, сув ресурсларини бошқаришда “Чортоқ тажрибаси” асосида насос станциялари ва суғориш тармоқларини “бир насос- бир тизим” тамойили бўйича ДХШ асосида бошқарувга бериш, яъни сувдан фойдаланувчиларга сувни бевосита хусусий шериклар томонидан етказиб бериш тизими ҳақида атрофлича тушунтирилди.

Семинар-тернингларда Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг ДХШ шўбаси бошлиғи Э.Давлетияров ҳамда Қорақалпоғистон ва Беруний насос станциялари ва энергетика бошқармаси раҳбарлари томонидан “Чортоқ тажрибаси” ҳақида тақдимотлар қилишди. Маълумот берилишича, мазкур тажриба доирасида насос станциялари ва суғориш тармоқлари суғориш учун бириктирилган майдонларда битта сув истеъмолчиси мавжуд бўлса, истисно тариқасида унинг ўзига, бир нечта сув истеъмолчилари мавжуд бўлса, келишилган ҳолда улардан биттасига ДХШ асосида бошқарувга берилиши мумкин.

Шунингдек, сув хўжалиги объектларини ДХШ асосида бошқарувга олган хусусий шерик зиммасига истеъмолчиларни белгиланган тартибда сув олиш лимити доирасида сув билан таъминлаш, сув хўжалиги объектларини давлат шериги билан келишилган ҳолда бошқариш, сув ҳисоби ва ҳисоботининг тўлиқ юритилишини таъминлаш, хизмат кўрсатиш ҳудудидаги барча сув хўжалиги объектларини босқичма-босқич модернизация қилиш мажбуриятлари юкланиши ҳақида ҳам маълумотлар берилди.

“Чортоқ тажрибаси” бўйича семинар-тренинглар Амударё, Элликқалъа, Тўрткўл ва Беруний туманларида ҳам ўтказилда. Шунингдек, мазкур тадбирларда Сув хўжалиги вазирлиги масъуллари томонидан ҳудудларда сув тежовчи технологияларни кенг жорий этиш юзасидан ҳам тавсия ва топшириқлар берилди.

Қорақалпоғистон Республикаси

Сув хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати