ҲАР ЙИЛИ ЎРТАЧА БИР МИЛЛИАРД МЕТР КУБ СУВ КАМАЙИБ БОРМОҚДА

___Республикамизда ҳақиқий қиш ҳарорати, далалар оппоқ қорга бурканган. Табиат тиним даврида, аммо сувчилар дала бошида бўлиб, об-ҳаво инжиқликларига қарамай шўр ювиш тадбиридаги муҳим вазифалар ва мавжуд сувдан самарали фойдаланиш бўйича тарғибот тадбирларини олиб боришмоқда.

___Бугун, яъни 25 декабрь куни Қорақалпоғистон Республикасининг Кегейли туманида шўр ювишга ер тайёрлаш ва мавжуд сувлардан самарали фойдаланишни сув истеъмолчиларига тушунтириш юсасидан кўргазмали семинар бўлиб ўтди.

___Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири ўринбосари Р.Қаршиев, Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Д.Усаков, олимлар, кластер ва сув хўжалигининг тизим ташкилотлари раҳбарлари иштирок қилди.

___Семинарда Ирригация ва сув муаммолари илмий тадқиқот институтининг Қорақалпоғистон минтақавий маркази директори, техника фанлари фалсафа доктори Сагит Қурбанбаев шўр ювишда аҳамият қаратиш лозим бўлган муҳим вазифалар ҳақида илмий асослантирилган тавсияларини бериб ўтди.

___Шунингдек, тадбирда сув танқислигида кузатилаётган бугунги кунда шўр ювишда сув олиш меъёрига амал қилиш, кам сув билан кўпроқ майдонларнинг шўрини ювиб, сувнинг ҳар томчисидан оқилона фойдаланиш бўйича тавсиялар берилди.

___Тадбирда йилдан-йилга сув танқислиги тобора кучайиб бораётганлиги аниқ мисоллар билан тушунтирилди. Масалан, Туямўйин сув омборида 2019 йилнинг ҳозирги даврида 4 млрд 697 млн.м3, 2020 йилда 3 млрд.467 млн. м3 сув миқдори бўлган. Жорий йилда 2 млрд. 809 млн. м3 сув миқдори мавжудлигини ҳисобга олсак, ҳар йили ўртача 1 миллиард метр куб сув камайиб бораётганлиги аён бўлмоқда.

___Ҳозирги кунда Туямўйин сув  омборига келаётган сув миқдори ҳам ўтган йилларга нисбатан бир неча баробар кам бўлмоқда. Масалан, ўтган йили шу даврда 500 м3  /с бўлса, бугунги кунда         130  м3  /с. сув келиб турибди. Мана шу рақамларнинг ўзи сув танқислиги қанчалик кучайиб бораётганини ёққол кўрсатиб турибди.

___-Ҳақиқатан ҳам сув танқислиги қанчалик кучайиб бораётганини биз сувчилар юрагимиздан ҳис қилиб, амалиётда кўриб турибмиз, – дейди Суенли ирригация тизими бошқармаси бошлиғи Муратбай Алджанов. – Мана бугунги семинарда ҳам ерларни шўр ювишга тайёрлаш, лазерли ускуна ёрдамида текислаш шартлиги таъкидланди. Лекин, сув истеъмолчилари олдингидек, бостириб шўр ювадиган кўп сув йўқлигини англаган ҳолда, экин майдонларини талаб даражасида тайёрлаш ва ички ариқларини тозалаб сув келишига тайёр ҳолга келтириб қўйши энг долзарб масала бўлиб турибди. Ушбу масалани ҳудудлардаги кластер ва фермерларга етказиш таклифини билдирдим ва вазир ўринбосари қўллаб-қувватлаб, уларга огоҳлантириш хати бериш ва сув танқислигини тушунтириш лозимлигини таъкидлади. Биз, сувчилар об-ҳавони қандай бўлишига қарамай ҳамиша даладамиз ва сувдан самарали фойдаланишга оид тарғибот тадбирларини янада кучайтирамиз.

___Тадбирда, сув танқислигини юмшатишнинг ягона йўли бу сув тежамкор технолоигияларни кенг қўллаш эканлиги алоҳида таъкидланди. Бунда шўр ювиш олдидан ерларни лазерли ускуна ёрдамида текислаш ва суғоришда томчилатиб, ёмғирлатиб каби тежомкор технологияларни қўллаш бўйича тавсиялар берилди.

___Вазир ўринбосари Р.Қаршиев  Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Д.Усаков ҳамроҳлигида “Кўк ўзек” насос станциясини бориб кўрди. У ерда хизмат қилувчи ходимларга яратилган шароитлар, куз-қиш мавсумида насос агрегатлари таъмири, ёрдамчи хўжаликдаги иссиқхонада экилган кўчат захираси билан танишди.

___Маълумот учун: Қорақалпоғистон Республикасида 2022 йилда 15 минг гектар пахта майдонида ва 2500 гектар бошқа қишлоқ хўжалиги экин майдонларида томчилатиб, 5 минг гектар ғалла майдонларида ёмғирлатиб суғориш технологияларини жорий қилиш режалаштирилган.  Бугунги кунда сув тежовчи технологияларни жорий қиладиган талабгор ва қурувчи-пудрат ташкилотлари аниқланиб, улар ўртасида шартномалар тўлиқ расмийлаштирилди. Ушбу тадбирларни молиялаштириш мақсадида тижорат банклари билан кредит ажратиш бўйича шартномалар имзоланди.

Ғ.Отажонов,

Қорақалпоғистон Республикаси

Сув хўжалиги вазирлиги матбуот котиби