___Минтақамизда йилдан-йилга сув танқислиги кучайиб бормоқда. Бу борада кейинги уч йилдаги маълумотларни таққосласак йилига ўртача 1 млрд.м3 га яқинсув камайган. Ҳозирда Туямўйин сув омборида йиғилган сув миқдори ҳам ўтган йилга нисбатан 978 млн.м3 ёки 33,4 фоизга кам.
___Барчангизнинг хабарингиз бор, Оролбўйи минтақасида экин майдонларининг шўрини ювмасдан деҳқончилик қилиш имконсиз. Кузатилаётган сув танқислиги сабабли ўтган йилдан бошлаб шўр ювишга кенг миқёсда сув бериш февраль ойида бошланди. Жорий йилда ҳам сув омборида йиғилган сув захирасидан келиб чиқиб, дарёга февраль ойида сув очилиши режалаштирилганини маълум қиламиз.
___Шу боис сув ресурсларидан самарали фойдаланиш мақсадида тежамкор технологияларни кенг жорий этиш зарур бўлади. Қорақалпоғистон шароитида экин майдонларини лазер ускунаси ёрдамида текислаш энг самарали, яъни анъанавий усулдан 50 фоизгача сув тежалиши ва ҳосилдорлик ҳам сезиларли даражада ошиши тажрибада исботланган. Қолаверса, сув тежовчи технологияларни жорий қилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларига давлатимиз томонидан субсидия ва имтиёзли кредитлар ажратиш белгиланган. Айни вақтда бу борада изчил ишлар амалга оширилмоқда. Тежамкор технологияни жорий қилиш ташаббуси билан чиққан сув истеъмолчиларига сув хўжалиги ташкилотлари амалий ёрдам беришга тайёр.
___Жорий суғориш тадбирлари давомида 151 минг 900 гектар майдонда шўр ювиш, 100 минг гектарда ғалла, томорқа ва бошқа қишлоқ хўжалиги экин майдонларини суғориш ишларини олиб бориш бўйича график ишлаб чиқилди.
___Афсуски, олиб борилган ўрганишларда айрим ҳудудларда шўр ювишга ер тайёрлаш (ерларни текислаш, чел олиб кичик полларга бўлиш, ўқ-ариқларни олиш), ички ариқларни тозалаш, гидротехник иншоотлар ва сув ўлчаш жойларини таъмирлаш, сув олиш қулоқларини жиҳозлаш ишлари талаб даражасида олиб борилмаётгани маълум бўлди. Юқоридагиларни инобатга олиб, кластер ва фермер хўжалиги раҳбарларидан шўр ювишга ер тайёрлашни сифатли ва ўз муддатларида олиб боришини яна бир борсўраймиз.
___Биз, ушбу мурожаатга овул фуқаролар йиғинлари раисларини бежиз киритмадик. “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 53-моддасига мувофиқ, фуқароларнинг экинзорларини ва томорқа ер участкаларини суғориш учун сув ресурсларини ажратиш сув истеъмолчилари уюшмалари томонидан белгиланадиган фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг сув олиш лимитларида назарда тутилади. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фуқароларнинг экинзорларни ва томорқа ер участкаларини суғориш учун сувга бўлган эҳтиёжларини умумлаштиради, сув истеъмоли тўғрисида шартномалар тузади ва улар ўртасида сувни истеъмол қилиш тартибини белгилайди, шунингдек суғориш тармоқларида таъмирлаш-тиклаш ишларини ташкил этади.
___Шундай экан ҳурматли овул оқсоқоллари томонидан ҳудудларда сувни тўғри тақсимлаш ва аҳолининг томорқа майдонларига сув етказишда юзага келиши мумкин бўлган муаммоларни бартараф қилишда қонунчиликка мувофиқ фаолият олиб бориш, улар ўзларининг ишчанлик ва ташаббускорлигини кўрсатишлари жуда муҳим. Ўз навбатида томорқа эгалари ҳашарлар ташкил қилиб, ички ариқларини тозалаб сув келишига тайёр қилиб қўйсалар мақсадга мувофиқ иш бўлар эди.
___Мавжуд сувдан самарали фойдаланишга барчамиз масъулмиз. Шу нуқтаи назардан кластер ва фермерлардан юқоридаги тадбирларни бажариш билан бирга сув олиш тадбирлари бошланганида далаларга етарли миқдорда сувчиларни жалб қилиб, сувдан фойдаланиш қоидаларига қатъй амал қилишларини сўраймиз.
___Барчамиз оғизбирчилик ва ҳамжиҳатликда иш олиб борсак, нисбатан кам сув билан ҳам халқимиз ризқи бўлган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларидан мўл ҳосил ярата олишимизга ишонамиз.
Қорақалпоғистон Республикаси
Сув хўжалиги вазирлиги