Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Б.Жузбаев ва Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг Сув хўжалигида ислоҳотлар маркази раҳбари И.Жўраев билан биргаликда туманларда суғориш тармоқларини куз-қиш тадбирлари доирасида тозалаш, ички каналларни бетонлаш ишларини жойига бориб ўрганишмоқда.

Бугун, яъни 26 ноябрь куни Сув хўжалиги вазирлиги масъуллари кўрсатмаси билан Чимбой туманининг “Тазғара” овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги “Марат часавик” хўжаликлараро каналига экскаватор жалб этилиб, қазиб тозалаш ишлари бошланди. Мазкур каналнинг 0,5 километр қисмини бетонлаш ҳам назарда тутилган бўлиб, айни вақтда механизм ва қўл кучи ёрдамида тозалаш ва бетонлашга тайёрлаш ишлари олиб борилмоқда.
Шунингдек, масъулларнинг тумандаги “Бессары” хўжаликлараро каналининг бетонланаётган қисмини ҳам бориб кўрди ва бу борадаги ишларни жадаллаштириш бўйича топшириқлар беришди.

– Мазкур канални ўз ҳисобимиздан ишчиларимизни жалб этган ҳолда бетонлаш ишларини ташкил этмоқдамиз, -дейди Чимбой тумани «Сув етказиб бериш хизмати» давлат муассасаси директори А.Қадирбаев. – Мана бугун вазирлик масъуллари томонидан берилган топшириқлар асосида бетонлаш ва суғориш тармоқларини тозалаш, гидроиншоотларни таъмирлаш бўйича ишларимизни изчил этамиз.
Маълумот берилишича, ҳозирда бетонлаш ишлари бошланган «Бессары» каналининг умумий узунлиги 2,5 километрни ташкил этиб, каналда тозалаш ва бетонлаш ишлари якунлангач, «Коблан Нурлан», «Жузбасы», «Дилшодбек Шерзодбек», фермер хўжаликлари ҳамда ҳудуддаги аҳолининг томорқа майдонларига сув етказиш яхшиланади.

Сув хўжалиги масъуллари Тахтакўпир туманида ҳам бўлишиб, ички каналларни бетонлаш ишларини танқидий муҳокама этдилар ва Тахтакўпир тумани “Сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасаси директори Д.Палуановга каналларни бетонлашга тайёрлаш ва сифатли бетонлаш бўйича кўрсатмалар берилди.
Қорақалпоғистон Республикаси
Сув хўжалиги вазирлиги Матбуот хизмати