Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида 27 июнь –Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан ўтказилган тантанали тадбирда Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгес Раиси Аманбай Оринбаев сўзга чиқиб, соҳа ходимларини касб байрами билан табриклади.

Тантанали тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Президиумининг қарорига мувофиқ, нуроний журналистлар ва матбуот соҳасида самарали фаолият кўрсатиб келаётган ижодкорлар фахрий унвон, кўкрак нишонлари билан тақдирландилар. Мукофотланганлар орасида Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг Матбуот хизмати раҳбари Атажанов Ғайрат Мадримович ҳам бор.
Тадбирда Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгес Раиси А.Оринбаев Ғ.Атажановга «Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист» фахрий унвонини тантанали равишда топширди.
Куннинг иккинчи ярмида Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигида Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Ш.Хамраев раислигида йиғилиш ўтказилди. Йиғилиш аввалида Сув хўжалиги вазири барча сувчиларни Қурбон ҳайити байрами ҳамда вазирлик тизимидаги фаолият олиб бораётган матбуот котибларини касб байрамлари билан табриклади.
Тадбирда Сув хўжалиги вазири Ш.Хамраев Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги Матбуот котиби Ғ.Атажанов кўксига «Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист» фахрий унвони медалини тақиб қўйди.

– Ушбу мукофот матбуот котиби тимсолида сув хўжалиги ходимларига Жўқорғи Кенгес томонидан билдирилган катта ишонч эканлигини билдириб, эндиликда нафақат матбуот хизмати балки, бутун сувчилар шунга муносиб равишда ишларни жадаллаштириши ва бу жарёнлар расмий сайтларимизда фаол ёритилиши зарур, – деди Ш.Хамраев.

Ўз навбатида Ғ.Атажанов ҳам Республика раҳбариятининг ушбу катта ишончини оқлаш ва сув хўжалигидаги ислоҳотлар амалга оширилаётган кенг кўламли ишларни фаол ёритиб бориш бўйича бор куч-ғайратини сафарбар этишини таъкидлади.

Матбуот хизмати