Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги томонидан тасдиқланган ҳафталик режа графикда белгиланган вазифалар доирасида сув хўжалиги объектларида қурилиш ва реконструкция ишларини муҳокама этиш ҳамда келгуси вазифаларни белгилаб олиш юзасидан Амударё туманидаги “Қоракўз” каналини реконструкция қилиш ишлари ўрганилди.
Бугунги кунда Ҳукуматимизнинг тегишли қарор ва дастурлари асосида “Қоракўз” каналида реконструкция қилиш ишлари амалга оширилмоқда. Реконструкция ишлари каналнинг бошидан 180-пикетгача амалга оширилганидан сўнг, каналнинг бош қисмида сув ўтказиш қобилияти секундига 6,0 метр кубга ва каналнинг фойдали иш коэфициенти 0,82 га етказилиши белгиланган.
– Каналнинг тубини лойқа босиб, қирғоқларнинг айрим жойлари емирилиши натижасида сув ўтказиш қобилияти секундига 3,0 метр кубга пасайиб қолган эди, – дейди «Қорақалпоғистонсувқурилишинвест» давлат муассасасининг лойиҳаларни бошқариш ва қурилишни техник кузатиш бўлими бош мутахассиси А.Алланазаров. – Бу ҳолатлар мазкур каналдан сув оладиган ҳудудларда сув таъминоти узилишларига сабаб бўлаётган эди.

“Қоракўз” каналини реконструкция қилиш ишлари якунига етказилгач туманнинг “Хитой” ОФЙ ҳудудидаги 32 та фермер хўжаликлари ва аҳоли томорқалари жами 2 минг 881 гектар майдонни кафолатли сув билан таъминлаш имконияти яратилади. Мазкур ҳудудда фермерлардан ташқари аҳоли томорқаларида кўплаб озиқ-овқат маҳсулотлари етиштирилишини ҳисобга олсак, қилинган ишлар натижасида бозорларда асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари нарҳининг барқарорлигини таъминлашга ҳам хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Бугунги ўрганиш тадбирлари давомида томонидан пудратчи ташкилот “Элликкалъамахсуссувпудрат” МЧЖ маъсули ва ишчи ходимларига канални реконструкция қилиш ишларини жадаллаштириш ҳамда лойиҳа талаблари даражасида сифатига эътибор қаратиш каби муҳим масалаларда топшириқлар берилди.
Маълумот учун: 2024 йил давомида 18,0 километр қисмида реконструкция қилиш ишлари белгиланиб, бугунги кунда 16 километр қисмида тупроқ ишлари бажарилди. Объектда жами 10 дона махсус техникалар ҳамда 23 нафар ишчи-ходимлар иш олиб бормоқда.
Қорақалпоғистон Республикаси
Сув хўжалиги вазирлиги Матбуот хизмати