СУВ ТЕЖОВЧИ: ҚУРУВЧИ ТАШКИЛОТНИ АНИҚЛАШ ВА ШАРТНОМА ТУЗИШ МАСАЛАСИ МУҲОКАМА ЭТИЛДИ

      Амударё туманида сув тежовчи технологияларни жорий қилиш ва бу борада қабул қилинган қарорларнинг мазмун-моҳиятини кенг тушунтириш, сув ресурсларидан самарали фойдаланиш юзасидан кўргазмали семинар ўтказилди.

 

      Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, туман ҳокимлиги ҳамда ирригация бўлими масъуллари, фермер хўжалиги ҳамда қурувчи ташкилот вакиллари иштирок қилган тадбирда мамлакатимизда сув ресурсларидан самарали фойдаланишни таъминлаш, қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришда сувни тежайдиган технологияларни кенг жорий этиш ҳамда уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, шунингдек, бу борада белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш бўйича топшриқлар берилди.

      Шунингдек, келгуси йил учун ғалла ва пахта майдонларида ёмғирлатиб ва томчилатиб суғориш технологияларини жорий этиш бўйича қурилиш ташкилотларини аниқлаш ҳамда шартномалар тузиш масалалари муҳокама этилди.

      Тадбир иштирокчилари туманда ўтган мавсумда сув тежовчи технологиялар ўрнатилган далаларни бориб кўрди. Мазкур дала майдонларида Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг сув тежовчи технологияларни ривожлантириш бўйича бош мутахассис А.Қидирбаев, Амударё тумани ҳокимининг Қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари М.Ержанов ва Амударё тумани ирригация бўлими бошлиғи в.в.б. К.Алланиязовлар қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, хусусан субсидия ажратиш тартиблари, кластер ва фермер  хўжаликлари сув тежовчи технологияларни кенг жорий этишларининг аҳамияти ҳақида гапириб ўтдилар.

      Семинарда иштирок қилган “SOF POLYMER” МЧЖ қурувчи корхонаси мутахассиси Ш.Абдуманнонов ғалла майдонларига ёмғирлатиб суғориш технологиясини ўрнатишда корхона томонидан хизмат кўрсатиш ва шартнома шартлари ҳақида маълумот берди.

      Бу борада тадбирда иштирок қилган фермер хўжаликлари вакиллари ҳам ўзларининг таклифларини билдирди ҳамда саволларига масъуллардан атрофлича  жавоблар олишди.

Қорақалпоғистон Республикаси

Сув хўжалиги вазирлиги Матбуот хизмати