ОҒЗИБИРЧИЛИК БИЛАН МАВЖУД СУВДАН САМАРАЛИ ФОЙДАЛАНИШ ЗАРУР

    Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигида ҳудудларга етиб бораётган кам миқдордаги сувлардан самарали фойдаланиш ва сув тежовчи технологияларни жорий қилиш масаласи танқидий муҳокама этилди.

    Вазирлик аппаратининг масъул ходимлари ҳамда барча тизим ташкилотлари раҳбарлари ZOOM платформаси орқали иштирок қилган йиғилиш аввалида, тизим ташкилотларининг кун тартибидаги масалалар юзасида, яъни туман чегарасига етказилган сувдан самарасиз фойдаланаётгани, сув тежовчи технологияларини жорий қилишдаги қалоқликлар танқид қилинди.

    Муҳокама давомида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раисининг маслаҳатчиси М.Абдиров, Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Б.Жузбаев ва Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигидан республикага бириктирилган вакил Н.Атақуловлар мавжуд сувлардан самарали фойдаланиш ва сув тежовчи технологияни жорий қилиш энг долзарб масала эканлигини таъкидлашиб, қуйи тизимдаги сув хўжалиги ташкилотлари масъулларининг кундалик вазифаларини   белгилаб беришди.

    Шунингдек, йиғилишда барча жорий мавсумдагидек, сув танқис бўлган йилларда ва яқинда ҳудудларга тарқатилган кўчма насос агрегатлари орқали суғорилаётган майдонлар, ушбу насослардан сув кам каналлардаги сувларни далаларга чиқариш ва суғориш тадбирларини уюшқоқлик билан ташкил этиш масаласи ҳам муҳокама этилди.

    -Ҳозиргидек сув танқис бўлиб турган пайтда барча ҳудудлардаги сувчилар оғзибирчилик билан мавжуд сувдан мақсадли ва самарали фойдаланиши зарур,  – деди тажрибали сувчи  М.Абдиров.

    Шу тариқа, туманлардаги студияларда муҳокамада қатнашаётган оқсоқол сувчилар, ҳамда тизим ташкилотлари раҳбарларининг бу борадаги тиклифларини ҳам тингланди. Қайси каналга неча куб сув берилса қанча майдон ғалла ва аҳоли томорқаларини суғориш имконияти бўлади? Бу борада ҳа бир ҳудуддаги сув хўжалиги масъулининг тармоқларига оладиган суви ва уни фойдаланиш, яъни суғоришни ташкил қилиш ишларини кунлик кўрсаткичлар мисолида таҳлил қилиб бердилар.

    Муҳокама якунида сув хўжалиги маъуллари ҳамда қуйи тизим ташкилотлари раҳбарлари билдирган таклифлар доирасида Тахиатош гидроузели олдига келиб турган сув миқдорларини навбатлаб суғориш графиги асосида магистрал каналлар ва туманларга бериш бўйича келишиб олинди. Бунда, ҳудудларга етказилган сув миқдорлари билан энг аввало, ғалла майдонлари ва аҳоли томорқаларини суғориш бўйича топшириқлар берилди.

Қорақалпоғистон Республикаси

Сув хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати