юқори ҳосил олишга замин яратмоқда

___Оролбўйида деҳқончилик қилиш учун қишда ёки эрта баҳорда экин майдонларининг шўрини ювиш тадбири ўтказилади. Шўри ювилмаган далада экин-экиб, ниҳол ундиришнинг деярли имкони йўқ.
___Кейинги йилларда кузатилаётган сув танқислигидан келиб чиқиб, сўнгги икки йилда қиш мавсумида деярли оммавий равишда шўр ювиш тадбирларини ўтказишни имкони бўлмаяпти. Бу пайтда Туямўйин сув омборига йиғилган сув миқдори февраль ойи охиридан бошлаб баҳорнинг экиш мавсумигача ҳудудларда шўр ювиш ишлари олиб борилмоқда.
___Албатта, суғориш муддатининг қисқаргани ва сувнинг нисбатан камлиги асосий сув тармоқларидан олисда жойлашган айрим ҳудудларда шўр ювиш тадбирининг кечикишига, ёки чигит экишга мақбул муддатларгача шўр ювишни имкони бўлмай қолиши мумкин.

___Элликқалъа туманидаги “Buston klaster” масъулияти чекланган жамияти аъзолари ҳам ўтган йилда шу каби муаммоларга учрагани, олис ҳудудлардаги далаларига сув етказишда бироз муаммоларга учраган эди. Жорий йилда мазкур кластер жамоаси бир йўла бир неча йўналишдаги тежамкор технологияларни уйғунлаштириб, тажриба тариқасида 46,2 гектар майдонга чигит экдилар.
___– Ушбу тажриба шўр ювилмаган майдонда чигит экиб, тўлиқ ниҳол олишга эришгани ва вегетация даврида ҳам сув тежамкор технология жорий этгани билан ўзига хос янгиликдир, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг Сувни тежайдиган ва рақамли технологияларни ривожлантириш сектори бошлиғи Абу Қидирбаев. – Биламизки, агарда икки маротаба шўр ювилса, камида бир гектарга 5-6 минг куб сув сарфланар эди. Ушбу ҳудуд сув етиб келиши қийин бўлгани боис кластер жамоаси вегетация даврида ҳам томчилатиб суғоришни жорий этган. Бунда артезиан қудуқлар орқали ер ости сувини махсус ҳовузга йиғиб, томчилатиб суғориш технологияси орқали ғўза ниҳоллари суғорилмоқда. Томчилатиб суғориш технологияси ҳам янгича услубда монтаж қилинган. Корея технологияси асосида чигит экадиган агрегат билан плёнка ва бир вақтни ўзида эгатлар орасига томчилатиб суғориш шланглари ётқизилган. Боиси ушбу далаларда шўр ювиш тадбири амалга оширилмаганлиги сабабли заруратга кўра, ерга намлик бериш учун экилган пайтни ўзида сув тежовчи технологияси монтаж қилинган. Кўриб турибмиз, ҳозирда ғўзалар яхши ривожланмоқда.

___Ҳозирги кунда ушбу тажрибани ҳудуддаги бошқа фермерлар ҳам бориб кўриб, ушбу амалиётга қизиқиш билдирмоқда. Биз, ушбу материални тайёрлаш жараёнида мутахассислар билан суҳбатлашиб, Оролбўйининг кўп ҳудудларида артезиан қудуқлардан чиқарилган сувда шўрлик даражаси юқорилиги сабабли экинларни суғоришда фойдаланиш имкони йўқлигини билдик. Лекин, ер ости сувларининг шўрлик даражаси ва сув миқдорлари ҳақида тегишли мутахассисларнинг ижобий хулосаси билан иш олиб борилса, юқоридаги тажриба энг тежамкор усуллардан саналишини таъкидлашди. ___Эътиборлиси, мазкур усулда аввало, шўр ювишга сарфланадиган сув тежалса, плёнка ердаги намликни сақлашга хизмат қилади. Қолаверса, ғўза ниҳоллари сув орқали илдиздан озиқлантирилаётгани, бу борада ҳам ресурс тежалишидан далолат беради. Хуллас, элликқалъалик кластер аъзолари каналлардан сув етиб бормайдиган ҳудудда ҳам изланиб, имкон топиб юқори ҳосил олишга замин яратмоқда.
Ғайрат Отожонов,
Қорақалпоғистон Республикаси
Сув хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати