___Юртимизда вегетация даври тугаши билан ирригация тармоқларида сув сатҳи камаяди ва бу белгиланган дастурлар асосида каналларда реконструкция қилиш ва ички ариқларни қазиб тозалаш ишларини давом қилдиришга замин яратади. Ҳозирги кунда Қорақалпоғистон Республикасидаги «Кегейли» магистраль каналида реконструкция қилиш ишлари олиб борилмоқда.

___«Кегейли» каналини реконструкция қилиш, яъни бетонлаш ишлари бош пудратчи ташкилот «Бунёдкор Мерос» МЧЖ томонидан олиб борилмоқда, -дейди “Қорақалпоғистон сув қурилиш инвест” ДУК лойиҳаларни бошқариш ва қурилишни техник кузатиш бўлимининг еткачи мутахассиси Аббаз Каримов. – Мазкур канал Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 28 декабрдаги ПҚ-4936-сонли қарорига мувофиқ, 2020 йил Давлат дастурига киритилиб, реконструкция ишлари ўтган йили ҳам амалга оширилган эди, Даструрда каналнинг Чимбой тумани марказидан ўтувчи қисмида бетонлаш ишларини олиб бориш назарда тутилган. Шунга кўра 2020 йилда 0,8 километр қисмида 3536,9 млн.сўмлик бетонлаш ишлари амалга оширилди.
___Жорий йил лимит асосида 0,8 километр қисмини бетонлаш учун 2500,0 млн.сўм маблағ ажратилган. Дастлабки 10 ойда 0,5 км, яъни 1800,4 млн. сўмлик реконструкция ишлари бажарилди. Йил якунига қадар каналнинг белгиланган қисмида бетонлаш ишларини якунлаш учун ишлар қизғин давом қилмоқда. Бугунги кунда объектда 2 дона эксавкавтор, 1 дона бульдозер, 2 дона автосамосавал ва бошқа махсус техникалар ҳамда 20 нафардан ортиқ ишчи-қурувчилар томонидан реконструкция ишлари амалга оширилмоқда.

___Маълумот учун: “Қызкеткен-Кегейли” ирригация тизими бошқармаси балансидаги “Кегейли” туманлараро канали Қорақалпоғистон Республикасининг шимолида жойлашган бир неча туманларига сув етказувчи йирик ирригация тармоқларидан саналади. Нукус, Кегайли, Чимбой, Қораўзак, Бўзатов ва Мўйноқ туманларини сув билан таъминловчи “Кегейли” туманлараро канали 1938 йил қурилиб, фойдаланишга топширилган. Умумий узунлиги 55,4 км бўлиб, лойиҳавий сув ўтказувчанлик қобилияти 180,0 м3/сек.ни ташкил қилади. Мазкур канал “Дўстлик” каналининг “Дўстлик-1” бош гидротехник иншооти орқали сув олиб, жами 80515 гектар майдонни сув билан таъминлашга мўлжалланган.
Ғ.Отажонов,
Қорақалпоғистон Республикаси
Сув хўжалиги вазирлиги матбуот котиби