___ Олдин хабар берганимиздек, Қорақалпоғистонда Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги билан ҳамкорликда АҚШнинг Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID)нинг “Сув ресурслари ва атроф муҳит бўйича минтақавий лойиҳаси” доирасида “Амударё куни” ўтказилди.

___ Тадбирнинг биринчи қисмида иштирокчилар Орол денгизининг қуриган тубида яшил қопламар экилган ҳудудилар ва суви сақланиб қолган қисмига саёҳат уюштириб, Мўйноқ туманидаги мактабларда сувни тежаш ва ёшларнинг бу борадаги хабардорлигини ошириш борасида очиқ дарслар ўтказилишган эди.
___ “Амударё кунлари” тадбирининг 2-қисми Нукус шаҳрида давом қилди. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги боршқарма бошлиғи Ш.Ботиров сув хўжалиги соҳасида “Сув ресурслари ва атроф муҳит бўйича минтақавий лойиҳаси” доирасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маъруза қилди. Шунингдек, тадбирда Халқаро тараққиёт агентлиги USAIDнинг Ўзбекистондаги иқтисодий ривожланиш бўйича директори Майкл Визан, USAIDнинг Сув ресурслари ва атроф муҳит бўйича минтақавий лойиҳасининг координатори (Қозоғистон) Анна Иноземуевалар лойиҳа доирасида “Амударё куни” тадбири айнан Қорақалпоғистондан бошлангани ва ушбу тадбирнинг аҳамияти ҳақида гапириб ўтдилар.

___ Тадбирда лойиҳа доирасида ташкил этилган Миллий тармоқлараро қўмита аъзолари, Моделлаштириш ва илмий ва таълим соҳасидаги ҳамкорлик йўналишидаги ишлар, лойиҳани амалга оширишда иштирок этувчи олимлар ва илмий муассасалар вакиллари Амударё сувини тақсимлаш ва ундан самарали фойдаланишни янада яхшилашга оид мавзуларда тақдимотлар ўтказишди. Шу билан бирга “Падшаата” дарёсининг Ўзбекистон қисми бўйича Кичик ҳавза кенгаши аъзоларининг лойиҳа доирасида ўтган йилда амалга оширган ишлари бўйича ҳисоботи тингланди.

___ Қорақалпоғистонда ўтказилаётган “Амударё куни” доирасида Мўйноқ туманидаги 7-9-синф ўқувчилари орасида расм ва иншолар танлови эълон қилинган эди. Танловда фаол иштирок қилган ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари тадбирнинг Нукусда ўтказилган қисмига таклиф этилди.

___ Тадбирда ўқувчилар ўзлари томонидан чизилган расмларда акс эттирилган кўринишлар ва иншоларда баён этилган мавзуларни таҳлил қилиб, тушунтириб бердилар.
___ Ўқувчилар томонидан юзга яқин ижодий ишлар танловга тақдим қилинди ва улар орасидан 2 та йўналишда 3 та ўрин ғолиблари аниқланди. Расм чизиш йўналишида Бекзат Алмасов 1-ўринга муносиб топилган бўлса, Улжан Кулмуратова ёзган иншоси энг яхшиси деб топилди. Шу тариқа “Амударё куни” доирасида ўтказилган танлов ғолиблари тадбир ташкилотчилари томонидан сертификат ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

___
Маълумот учун: USAIDнинг тегишли лойиҳаси доирасида Марказий Осиёда “Амударё кунлари”ни ўтказишдан асосий кўзланган мақсад ҳудудларда сувдан самарали фойдаланишни тарғиб қилиш, бу борада ёш авлоднинг хабардорлигини ошириш назарда тутилган. Бу каби “Амударё кунлари” Ўзбекистонда, Туркманистон, Тожикистон ва Қирҳизистонда ҳам ташкил қилинади. Ҳозир Қорақалпоғистонда ўтказилаётгани ушбу –тадбир миллий даражадагиси ҳисобланади. “Амударё кунлари”нинг 4-5 давлат вакиллари иштирокидаги минтақавий қисми шу йилнинг сентябрь ойида Хоразм вилоятининг Урганч шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган.
Ғ.Отажонов,
Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги
вазирлиги матбуот котиби