___ Республикамизда вегетация даври қизғин паллага кирмоқда. Бу йил ҳам сув танқислиги кузатилмоқда. Бундай мавсумларда ҳар бир ҳудуднинг сувчи мироби ҳам сув истеъмолчиси ҳам таъбир жоиз бўлса ҳар бир куб метр сувни олиш учун бахслашади белгиланган сув миқдорларини олишга ҳаракат қилади.

___ Албатта, каналларда мавжуд сув миқдорини ўлчаш ва ҳудудлар ҳамда сув истъемолчилари ўртасида тақсимлаш бу гидрометрлар вазифаси саналади. Ҳудудлардаги гидрометрларни замонавий сув ўлшаш ускуналари билан таъминлаш ҳамда мазкур технологиялардан самарали фойдаланишни таъминлаш мақсадида гидрометрлар малакасини ошириш ҳамиша Сув хўжалиги вазирлиги раҳбариятининг эътиборидаги масалалардан биридир.
___ Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ва Швейцария тараққиёт ва ҳамкорлик агентлиги билан ҳамкорликда амалга оширилаётган “Ўзбекистонда сув ресурсларини бошқариш миллий лойиҳаси”нинг 2-босқичи доирасида Қорақалпоғистондаги 16 та туман ирригация бўлимлари Хитой Халқ Республикасида ишлаб чиқарилган “МГГ/КЛ-ДСВ” русумли кўчма электромагнит тезлик ўлчагич воситаси (вертушка) билан таъминланган эди.

___ Шу йилнинг 29 май куни қорақалпоғистонлик гидрометрлар учун юқорида келтирилган замонавий вертушканинг техник кўрсаткичлари, афзалликлари ва унинг электрон ҳисоблагичидан тўғри фойдаланиш бўйича ўқув-амалиёт курслари бошланди.
___ Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги мажлислар залида туман ирригаци бўлимларининг гидрометрлари ва махсус хизмат ходимларидан иборат тингловчиларга тажрибали тренерлар сувнинг ҳисобини юритишга оид меъёрий ҳужжатлар, замонавий вертушканинг афзалликлари юзасидан ўқитилиб, назарий билимлар берилди.
_
Шундан сўнг, гидрометрлар ўқув курсларини амалиётда синаб кўриш учун Нукус туманидаги “Развилка” сув тақсимлаш иншооти ҳудудига чиқдилар. Ҳар бир ҳудуддан ўқув курсига келган гидрометрлар ўзлари билан лойиҳа доирасида асосида ажратиланган замонавий сув ўлчаш вертушкаларини олиб келишган. Улар ҳудуддаги турли хил ўлчамдаги каналларда тренерлар ёрдамида янги вертушкалар ёрдамида сув миқдорларини ўлчадилар ва натижалари муҳокама қилинди.
Ўқув амалий машғулотларининг иккинчи куни гидрометрлар Тахиатош туманидаги каналларда мустақил равишда сув миқдорларини ўлчашга киришдилар.

___ -Мана икки кундирки, янги вертушканинг техник кўрсаткичлари ва афзалликларини ўрганмоқдамиз, – дейди Қонликўл тумани ирригация бўлимининг бош гидрометри Мухтар Жумабаев. – Ҳозиргина “Тахиатош ИЭС”га сув етказувчи каналнинг сув миқдорларини ўлчаш амалиётини бажардик. Эътиборлиси, ушбу янги қурилма биз олдинги ишлатаётган вертушкага нисбатан тез бўлиши, айрим амалларни хотирасида сақлаб автоматик тарзда натижаларни чиқариши бизга жуда маъқул бўлди. Лекин, ҳали қурилмани тўлиқ ўзлаштира олмадик, тренерларимиздан сўраб унинг функцияларини ўрганиб олмоқдамиз.

___ Қорақалпоғистонлик гидрометрларга лойиҳа доирасида бириктирилган гидрометр Абдураззоқ Қўзибоев бошчилигидаги тренерлар амалий машғулотларини ўтказишга ва уларнинг мазкур янги вертушкадан фойдаланиш кўникмаларини ўзлаштиришга бош-қош бўлишмоқда. Уларнинг айтишича ўқув курсларининг қолган кунлари ҳам дала шароитида ўтказилади ва жараёнларда бевосита назарий билимлар берилиб амалий машқларда синовдан ўтказилади.
Ғ.Отажонов,
Қорақалпоғистон Республикаси
Сув хўжалиги вазирлиги матбуот котиби