
Мамлакатимизнинг кўп минг сонли сувчилар жамоасини, уларнинг яқинлари ва оила аъзоларини, бутун халқимизни шукроналик, саховат ва меҳр оқибат айёми – муборак Қурбон ҳайити билан чин қалбимдан самимий табриклайман.
Бутун дунёни қамраб олган пандемия туфайли халқимиз машаққатли ва синовли кунларни бошдан кечирмоқда. Мана шундай дамларда биз қийинчиликлардан чўчимай, карантин талабларига тўла амалга қилган ҳолда ўз вазифамизни сидқидилдан бажаришга интиляпмиз.
Бу билан улкан хирмонлар яратилишига, халқимиз дастурхони тўкислиги ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланишига баҳоли қудрат ўз ҳиссамизни қўшяпмиз.
Муҳтарам Президентимиз фармони билан жорий йил 10 июль куни Ўзбекистон Республикаси сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган концепцияси тасдиқланди. У сув хўжалигини ривожлантиришнинг аниқ мақсадлари, йўналишлари, ўрта ва узоқ муддатли истиқболини белгилайдиган, соҳага оид дастурлар ишлаб чиқиш учун асос бўладиган стратегик ҳужжат бўлди.
Концепцияда белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича ишларни аллақачон бошлаб юбордик. Барча сувчилар бир ёқадан бош чиқариб, аҳиллик билан ушбу вазифалар ижросини таъминлашга ўз ҳиссаларини қўшишларига умид қиламан.
Белгиланган мақсад ва кўрсаткичларга эриша олсак яқин истиқболда мамлакатимиз сув хўжалиги соҳаси янада ривожланиб, маош ва даромадларимиз ошиб, сувчиларнинг обрў-эътибори янада юксалишига ишонаман.
Барчангизни муборак Қурбон ҳайити билан яна бир бор чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.
Дуогўй кексаларимизнинг мана шундай фазилатли дамларда элу юртимиз ҳақига қилган эзгу ният ва тилаклари ижобат бўлсин, хонадонларимиздан файзу барака ва осойишталик ҳеч қачон аримасин!
Тинчлигимиз, халқимиз фаровонлиги янада мустаҳкам ва барқарор бўлсин!
Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Ш.Хамраев
| 30.07.2020 |