___“Агробанк” АТБ Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий филиалида ташкил этилган “Фермерлар мактаби”да Оролбўйидаги фермер хўжалиги раҳбарлари ва томорқа ер эгалари учун ўқув-курслари бошланди. Тадбирнинг тантанали очилиш маросимида ҳудуд миришкорлари томонидан етиштирилган қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг кўргазмаси ташкил қилинди.

___Тадбирда Давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган вазифалардан келиб чиқиб, қишлоқ хўжалигини илмий асосда ривожлантириш, соҳа мутахассисларининг билим ва кўникмаларини мунтазам ошириб бориш йўналишида амалга оширилаётган ишлар алоҳида эътироф этилди. Шунингдек, бу борада озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва қишлоқ хўжалигида ҳосилдорликни кўтариш ҳамда ҳар гектар ердан олинадиган даромадни ошириш амалиётини фермерларга ўргатиш лозимлиги таъкидланди.

___“Агробанк” ташаббуси ҳамда Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳамкорлигида ташкил қилинаётган мазкур ўқув курси бу борадаги ишларнинг янада самарали бўлишига хизмат қилиши шубҳасиз.
___– Бу сафарги ўқув-курсларига Оролбўйидаги фермерлар учун жуда муҳим ва долзарб масала, сувдан самарали фойдаланиш ва сувни тежайдиган технологиялар алоҳида мавзу сифатида киритилибди, – дейди Тахтакўпир туманидаги “Тайимбет” фермер хӱжалиги раҳбари, Ўзбекистон Қаҳрамони Сарсенбай Сейтназаров. – Фермерлар тажрибали тренерлардан сув тежовчи технологияларни қўллашда хорижий ёндашувлар, эришилган натижалар ҳақида маълумот олиб, билимларини оширадилар. Минтақамизда сув танқислиги тобора кучайиб бормоқда. Шу нуқтаи назардан мазкур йўналишда фермерни ўқитиш давр талаби, десак муболаға бўлмайди. Бу тадбир келгуси йилда мавжуд сувдан самарали фойдаланиб, юқори ҳосил олишга қаратилган дастлабки қадамлардан биридир.

___Қорақалпоғистон Республикасида ташкил қилинган “Фермерлар мактаби”нинг дастлабки ўқув-курсида Тахиатош туманидаги 50 нафар фермер хўжалиги раҳбарлари ва ходимлари иштирок этмоқда.

___Маълумот учун: мазкур ўқув курси бир вақтнинг ўзида мамлакатимизнинг 13 та ҳудудида “Агробанк”нинг ҳудудий бошқармаси биноларида 100 нафардан ортиқ юқори малакали тренерларни жалб этган ҳолда 2021 йилнинг ноябрь ойидан бошланди. Келгуси йил декабрь ойига қадар давом этадиган ўқув курси давомида республика бўйлаб 80 мингга яқин фермерларни ўқитиш режалаштирилган.
___Лойиҳага Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги ва Қишлоқ хўжалиги вазирликлари, соҳадаги олий ўқув юртлари ва илмий-тадқиқот институтлари, Швейцария тараққиёт ва ҳамкорлик агентлигининг Ўзбекистонда сув ресурсларини бошқариш бўйича миллий лойиҳаси, қатор халқаро ташкилотлар ҳамкорлик қилмоқда.
Ғ.Отажонов,
Қорақалпоғистон Республикаси
Сув хўжалиги вазирлиги матбуот котиби