___Юртимизда байрам шукуҳи кезмоқда. Ана шундай қутлуғ кунларда бутун халқимизни, шу жумладан сув хўжалиги ходимларини энг улуғ, энг азиз айём –мустақиллигимизнинг 30 йиллиги билан чин қалбимдан табриклайман.
___Юртимиз бўйлаб “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” деган шиор остида нишонланаётган ушбу қутлуғ байрам кунларда халқимиз “Янги Ўзбекистон” деган тушунчанинг мазмун-моҳиятини тўла ҳис қилиб, ўзгариш ва янгиланишларнинг гувоҳи бўлиб турибди.
___Ҳурматли Президентимизнинг узоқни кўзлаб олиб бораётган сиёсати, хусусан, сув хўжалигини ислоҳ қилиш натижасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Фақат Қорақалпоғистон ҳудудига оид ўтган йилда қабул қилинган алоҳида қарори асосида ирригация ва мелиорация объектлари реконструкция қилиниб, сув тақсимлаш ва суғоришда янги технологиялар жорий қилинмоқда. Бу тадбирлар ҳудудларда сув танқислигини юмшатиш ва халқимизнинг турмуш шароитини яхшилашга хизмат қилишини нафақат сувчилар, барча аҳоли ва деҳқонларимиз ҳам тушуниб, англаб етмоқдалар.
___Доно халқимиз сувчини бежиз заргарга қиёсламаса керак. Боиси, сувчи заргар мисоли ўз ишини моҳирона бажарса, деҳқончиликдан мўл ҳосил етиштирилади. Бугун сув танқис ва қийин шароитларга қарамай ўз иши ва касбига содиқ қолган ҳолда деҳқонларимизга елкадош бўлиб, ҳудудларга сув етказиб бераётган сувчиларимиз хизматларини ҳар қанча эътироф қилсак арзийди.
___Ушбу қутлуғ байрам арафасида Муҳтарам Президентимиз фармони билан сув хўжалигида фаолият кўрсатиб келаётган Жеткербай Разов “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ирригатор” фахрий унвони билан ҳамда Хамид Реймов “Содиқ хизматлари учун” медали билан мукофотланди. Куни кеча биз учун яна бир хушхабар эълон қилинди. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Президиум қарори билан Беруний насос станциялари ва энергетика бошқармаси бошлиғи Примов Улугбек-Кутлимурат Алимбаевич «Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган ирригатор» унвони билан мукофотланди.
___Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги аппарати ва тизим ташкилотларида самарали меҳнат қилиб келаётган бир гуруҳ ходимлар «Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги» эсдалик нишонлари билан мукофотланди.
___Ўйлайманки, мукофотланганлар тимсолида ушбу мукофот ва рағбатлар бутун сув хўжалиги соҳасига берилган юқори баҳодир. Бу каби эътиборва эътирофлар барча сувчиларга ғурур ва ифтихор бахш этади. Ишонамизки, йилдан йилга кучайиб бораётган сув танқислигига қарамасдан фидойи ва меҳнаткаш сувчиларимиз суғориш мавсумида барча қийинчилик ва машаққатларни сабр билан енгиб ўтиб, ўз вазифаларни сидқидилдан адо этадилар.
___Ҳурматли сув хўжалиги ходимлари!
___Фурсатдан фойдаланиб, Сизларни ва оила аъзоларингизни яна бир бор мамлакатимиз мустақиллигининг 30 йиллик байрами билан самимий қутлайман. Юртимизни тинчлик-осойишталик, хонадонларимизни файзу барака ҳеч қачон тарк этмасин! Қутлуғ байрам барчамизга муборак бўлсин!
Усаков Даўлетбай,
Қорақалпоғистон Республикаси
Сув хўжалиги вазири