Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазири тайинланди

___Жорий  йилнинг 7 январь куни Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигида йиғилиш ўтказилди. Йиғилишни Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раисининг қишлоқ ва сув масалалари бўйича ўринбосари Дарьябай Кайпов очди ва бошқариб борди.

___Йиғилишда ташкилий масала кўрилди.

___Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазири вазифасини бажарувчи лавозимига Примов Шавкат Алимбаевич тайинланди.

___Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирининг ўринбосари Рустам Қаршиев Шавкат Примовнинг таржимаи ҳоли билан таништирди. 

___Ш.Примов 1968 йил Қорақалпоғистон Республикасининг Беруний туманида туғилган.  1988-1993 йилларда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида таҳсил олган. Маълумоти бўйича мутахассислиги муҳандис-гидротехник.

___Меҳнат фаолиятини 1983 йил Беруний тумани 22-сонли ғишт заводи бошқармасида чилангарликдан бошлаган бўлса, олий ўқув юртини тугатгач ихтисослиги бўйича сув хўжалиги соҳасида бир қатор масъулиятли ва раҳбар лавозимларда фаолият юритган.   Хусусан, 1997-2001 йилларда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг мелиорация бошқармаси бош мутахассиси, 2003-2006 йилларда  Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг ерларни мелиорациялаш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари, 2006-2009 йилларда  Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг ерларни мелиорациялаш бошқармаси бошлиғи, 2009-2013 йиллар  Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг Жиззах ва Сирдарё вилоятларининг суғориладиган ерларининг суғориш тармоқлари ва мелиоратив объектларини қайта таъмирлаш лойиҳаси раҳбари, 2013-2014 йиллар «Ўзсувлойиҳа» очиқ акциядорлик жамияти раиси, 2016-2018 йиллар «Ўздавсувхўжаликназорат» инспекцияси шўъба мудири каби лавозимларда фаолият кўрсатган. Ш.Примов 2018 йилдан ҳозирги кунгача  «Ўздавсувхўжаликназорат» давлат инспекцияси Эксперт кенгашининг Диагностика маркази бошлиғи лавозимида ишлаб келаётган эди.

___Йиғилишда туманлардаги соҳа масъуллари ҳам видеоканференцалоқа тарзида иштирок қилди. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раисининг ўринбосари Д.Кайпов бугунги кунда шўр ювишга ер тайёрлаш, ирригаци тармоқлари ва насос станцияларини суғориш мавсумига тайёрлаш масалаларига тўхталди ва амалга ошириладиган муҳим вазифалар белгилаб олинди.

___Ўз навбатида Ш.Примов бу борадаги вазифаларни тизим ташкилотлари билан биргаликда бажаришга бор куч-ғайратини сафарбар қилишини таъкидлади.

Қорақалпоғистон Республикаси

Сув хўжалиги вазирлиги

Матбуот хизмати