Берунийлик соҳа ходимлари кичик тажриба ўтказишди
___Оролбўйи ҳудудида жорий қишда ўтган йилларга нисбатан кўпроқ қор ёғмоқда. Айрим ҳудудларда декабрь ойида ёққан қор эриб улгурмасдан устига яна ёғиши натижасида бир ойча қор билан қопланиб турган далалар бор.

___Қор – сув манбаси ҳисобланади. Минтақада сув танқис бўлиб турган ҳозирги пайтда ушбу табиат неъмати далаларга яъни, ғалла майдонларига қанчалик ижобий таъсир кўрсатади? Берунийлик қишлоқ ва сув хўжалиги масъуллари бу борада кичик тажриба ўтказиб кўришди.


___-Деҳқонларимиз орасида қорда ҳаводаги чанг-тузлар ҳисобига шўр бўлиши, ғалла ниҳолларига зиён етказиши мумкин деган фикрлар тарқалди, – дейди Беруний тумани ирригация бўлими раҳбари Жасур Ешанов. – Биз, туман ҳокимлиги масъуллари билан биргаликда ғалла майсалари устини қоплаган қорни махсус ускуна ёрдамида синовдан ўтказдик. Ускунада 0,04 дан 0,08 гача бўлган кўрсатгичлар акс эди. Кейин эриб улгурган қор сувини текшириб кўрдик. Бунда ускунада 17,53 ни кўрсатиб, шўрланиш юқорилигини акс этдирди. Бундан кўриниб турибдики, қор шўр эмас, деҳқонларимиз хавотирига ўрин йўқ. Аксинча, кетма-кет ёққан қалин қор ғалла майдонлари учун жуда фойдали бўлиб, камида бир маротаба суғорилгандек ижобий таъсирини кўрсатмоқда. Қор остидаги буғдой майсалари яхши шароитда, ҳатто яшиллигини йўқотмасдан ўсиб ривожланаётганини кўриб қувондик.

___Маълум бўлишича, Оролбўйида юқорида келтирилган кондуктометр ускунасидан сувчилар вегетация даврида ҳам фойдаланиб келмоқдалар. Сир эмас, кейинги йилларда экинларни сақлаб қолиш ва суғориш учун барча чоралар кўрилмоқда. Айрим ҳудудларда сув тақчил сабабли зовур сувларини қўшимча канал сувига қўшган ҳолда фойдаланилмоқда. Бунда зовур сувининг шўрланиш даражаси махсус ускуна ёрдамида тезкор аниқланиб, мутахассислар тавсия этган меъёрларга амал қилинмоқда.

___Мутахассислар таъкидлашича, махсус батареяли ускуна – кондуктометр – ёрдамида тупроқнинг шўрлик даражаси ҳам аниқланади. Бу асосан шўр ювиш тадбирлари олдидан деҳқонларга қайси далага қанча миқдорда сув қўйиш бўйича тавсия беришда қўлланилади. Бу усул синовдан ўтган бўлиб, жуда содда ва тезкордир.
Ғ.Отажонов,
Қорақалпоғистон Республикаси
сув хўжалиги вазирлиги матбуот котиби