___Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 10 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони билан тасдиқланган “Йўл харитаси”да сув тежовчи суғориш технологияларини лойиҳалаш, жорий этиш ва уларни ишлатиш бўйича малакали мутахассислар ва соҳа олимлари тавсиялари асосида сайёр ўқув-курслари ва кўргазмаси семинарлар ташкил этиш назарда тутилган.
___Жорий йилнинг 12 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигида бўлиб ўтган ҳайъат йиғилишида ҳам ҳудудларда сув хўжалиги ходимлари ҳамда фермер хўжалиги вакилларини ўқитиш, сув тежовчи технологиялар бўйича малакаларини ошириш бўйича топшириқ берилган эди.

___Бугун, яъни 14 февраль куни Қорақапоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигида сув хўжалиги мутахассислари ва фермерларнинг сув тежовчи технологиялар бўйича малакасини ошириш бўйича қисқа муддатли сайёр ўқув-курслари ташкил қилинди.

___Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги Ахборот-таҳлил ва ресурс маркази бошлиғининг ўринбосари А.Манглиев, бош мутахассис М.Баракаев, Ирригация ва сув муаммолари илимий-тадқиқот институти Қорақалпоғистон филиали директори С.Қурбанбаев, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги сув муаммолари илмий-тадқиқот институти Хоразм филиали директори О.Ишчанов, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг сув тежовчи ва рақамли технологияларни ривожлантириш сектор бошлиғи А.Қидирбаевлар ўқув курсида белгиланган мавзулар доирасида тақдимотлар қилди ва видеороликлар намойиш этилди.

___Маълумки, сўнги йилларда бутун минтақада сув танқислиги кучайиб бормоқда, – дейди Ахборот-таҳлил ва ресурс маркази бошлиғининг ўринбосари Абдуҳалил Манглиев. Масалан, мамлакатимиз бўйича бу ҳолатни таҳлил қиладиган бўлсак, сув ресурсларининг танқислиги ҳамда сув омборларида сув захираси ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 16 фоизга, охирги 3 йилга нисбатан 22 фоизга камлигинини кўриш мумкин. Кузатилаётган сув танқислигининг олдини олиш, унинг салбий таъсирини юмшатиш мақсадида юртимизда сув тежовчи технологиялар кенгроқ қўлланилмоқда. Биламизки, сув танқислиги айниқса, Оролбўйи ҳудудларига кўпроқ таъсир кўрсатмоқда. Шу боис ушбу ҳудудда ҳам сув тежовчи технологияларни кенгроқ жорий этиш тавсия этилиб, жорий йилда йигирма минг гектардан ортиқ майдонда сув тежовчи технологиялар қўллаш режалаштирилган. Биз, бугунги сайёр ўқув-курсларида олимлар ва мутахассислар билан биргаликда жойларда сув тежовчи технологияларни жорий этишда эътибор қаратиш лозим бўлган жиҳатлар бўйича тавсиялар бермоқдамиз.

___Ўқув-курси доирасида қурувчи ташкилот вакиллари ҳам иштирок этди ва сув тежовчи технологияларни қуриш бўйича хизматлари ҳақида маълмот берди. Шунингдек, тадбирда сув тежовчи технологияларни жорий этиш ишларига кўмаклашиш мақсадида сув хўжалиги тизим ташкилотларида сервис гуруҳлари ташкил этилгани таъкидланди. Улар томонидан технологияни қуриш ва ундан фойдаланиш, сув ҳовузларини қазиш, насос агрегатлари ва трансформаторларни монтаж қилиш каби хизматлар кўрсатилади.

___Тадбир иштирокчилари ҳудудларда сув тежовчи технологияларни жорий этишда юзага келаётган айрим камчиликлар бўйича таклифларини билдириб, ўзларини қизиқтирган саволларига мутахассислардан жавоблар олди. Шунингдек, ўқув-машғулотида олимлар ва сув хўжалиги мутахассислари томонидан сув тежовчи технологияни жорий этишга оид 7 та йўналишда, қорақалпоқ тилида тайёрланган қўлланма ва буклетлар тарқатилди.

___Сайёр ўқув-курслари 14-19 февраль кунлари оралиғида мамлакатимизнинг барча ҳудудларида ўтказилиши режалаштирилган. Бугун Қорақалпоғистонда бошланган ўқув-курсининг дастлабки кунида икки сменада 100 нафарга яқин тингловчилар ўқитилди. Эртага Қорақалпоғистон Республикасининг жанубий туманларида ҳам сув тежовчи технологиялар бўйича малака ошириш ўқув-курсларини ташкил этиш белгиланган.
Ғ.Отажонов,
Қорақалпоғистон Республикаси
Сув хўжалиги вазирлиги матбуот котиби