СУВ ХЎЖАЛИГИ ОБЪЕКТЛАРИГА ПРЕСС-ТУР ТАШКИЛ ЭТИЛДИ

тадбирда журналистлар саволларига масъуллар жавоб берди

___Ўзбекистон Республикаси Президенти Админстрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан тасдиқланган Медиа-режага мувофиқ, Қорақалпоғистондаги сув хўжалиги объектларида пресс-тур ташкил этилди.

___Қорақалпоғистон Республикасида ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, шўр ювиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳамда ҳудудда сув тежовчи технологияларни жорий этиш тадбирлари билан кенг жамоатчиликни таништириш мақсадида ташкил қилинган тадбирда марказий ва маҳаллий матбуот нашрлари, “Қорақалпоғистон” теле ва радио каналлари вакиллари иштирок қилди.

 

___Тадбир иштирокчилари  дастлаб Хўжайли туманидаги кузатув  қудуқларида сизот сувларини онлайн мониторинг қилувчи “Diver” қурилмаси билан танишди. Шундан сўнг Қонликўл туманида “Суенли” ирригация тизими бошқармаси балансидаги гидроиншоотларни таъмирлаш ишлари, Суенли каналига ўрнатилган “Ақлли сув” қурилмаси, Шуманай туманида ғалла майдонларига жорий этилаётган ёмғирлатиб суғориш технологиялари билан танишди. Шунингдек, канал ва коллетор тармоқлари қазиб тозалаш, уларнинг ҳимоя зоналарига яшил макон лойиҳаси доирасида экилаётган дарахт кўчатлари ва плёнка остига ошқавоқ экиш жараёнларини кўздан кечирди.

___Оммавий ахборот воситалари вакилларига кенгроқ маълумот бериш мақсадида пресс-тур доирасида Сув хўжалиги вазирлиги масъуллари иштирокида дала шароитида матбуот анжумани ўтказилади.

___Тадбир аввалида, Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари Азимжон Назаров ҳамда Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг Ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш бошқармаси бошлиғи Қурбан Мурадов сув хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, хусусан, тежамкор технологияларни жорий қилишнинг аҳамияти,  экин майдонларининг мелиоратив ҳолатини яхшилаш борасида амалга оширилаётган тадбирлар ҳақида маълумот бердилар.

___Таъкидланганидек, Муҳтарам Президентимизнинг сув хўжалиги соҳасини  такомиллаштиришга қаратилган фармон ва қарорлари асосида ирригация тизими ва суғориш тармоқларининг фойдали иш коэффициентини ошириш, сув ресурсларини оқилона бошқариш ва ҳисобини юритиш ҳамда  суғоришда тежамкор ва рақамли технологияларни жорий этилмоқда. Бу каби тадбирлар Оролбўйида сув танқислигини юмшатишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

___Қорақалпоғистон Республикасида 2022 йил жами 22 минг 500 гектар майдонда  сувни тежайдиган технологияларни жорий этиш режалаштирилди. Ҳозирда 560 гектар ғалла майдонлари учун кредит маблағлари ажратилиб, ушбу майдонларда ёмғирлатиб суғориш технологиясини қуриш ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек,  сув ресурсларини онлайн назорат қилиш имконини берувчи 341 та “Ақлли сув” қурилмалари ўрнатилиши назарда тутилган.

___Коллектор-дренаж тармоқларининг қазиб-тозаланиши ва реконструкция этилиши  эса, ўз навбатида сизот сувлари сатҳини пасайтириб, экин майдонларининг мелиоратив барқарорлиги таъминламоқда.

___Бу борада амалга оширилган тадбирлар натижасида 20,3 минг гектар ерларнинг  мелиоратив ҳолати яхшиланди. Шўрланган ер майдонларини 1,2 минг гектарга, кучли ва ўрта шўрланган майдонларни 0,99 минг гектарга камайтиришга эришилди. Шунингдек, ер ости сизот сувлари муаммоли ҳолатда бўлган 3,3 минг гектар майдонларда сув сатҳи (2 метр) пастга тушурилди.

___Соҳага рақамли технологияларни жорий этиш мақсадида ўтган 2021 йилда 357 дона мелиоратив кузатув қудуқларига сизот сувлари сатҳи ва минераллашганлик даражасини онлайн мониторинг қилиш имконини берувчи “Diver” қурилмалари ўрнатилди. Мазкур қурилмалар инсон омилисиз маълумотларни мелиоратив экспедиция базасига узатади ва ернинг ҳолати бўйича маълумотларни тезкор олиш ва мониторинг қилиш имконини беради.

___Табдирда ОАВ вакиллари сув хўжалиги соҳасини ривожлантиришга оид ва ўтган вегетация даврида кузатилган ҳолатлар, сув танқислигини юмшатиш ва сув тежовчи технологияларни қўллашда Оролбўйи ҳудудидаги сув истеъмолчиларига яратилган қўшимча имтиёзлар каби ўзларини қизиқтирган саволлар билан масъулларга юзланди.

___Журналистлар саволларига Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги масъуллари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Шавкат Примов ва вазирликнинг масъул ходимлари атрофлича жавоб бердилар.

___Пресс-тур якунида сув хўжалиги вазирлиги келгусида ҳам оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида бу каби тадбирларни ҳар чоракда ташкил этиб, ҳамкорликда ишлашга келишиб олинди.

 

Ғайрат Отажонов,

Қорақалпоғистон Республикаси

Сув хўжалги вазирлиги матбуот котиби