ҳамиша соз ҳолатда бўлиши зарур
___Маълумки, кейинги йилларда Оролбўйи минтақасида кузатилаётган сув танқислигини юмшатишга қаратилган бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Вегетация даврида магистрал ва ички каналларга график асосида навбатлаб сув беришни ташкил қилиш ҳам ана шундай тадбирлардан биридир.

___Аслида, сув хўжалиги объектларидаги гидроиншоотлар, яъни каналларга сув тақсимловчи иншоотлар ҳамиша соз ҳолатда бўлиши зарур. Лекин, ҳудуддаги магистрал каналларга ўрнатилган сув тақсимловчи гидроиншоотларнинг хизмат кўрсатаётганига камида ярим асрдан ошганлиги, ўтган йилларда айримлари талаб даражасида таъмирланмагани ҳам бор гап.
___Кейинги 2-3 йилда нисбатан камроқ сув билан ҳам ҳудудлардаги экин майдонларини навбатлаб суғориш тартиби анъанага айланиб улгурди. Бу тадбирлар каналлардаги гидроиншоотларнинг соз ҳолатда ишлашига бўлган талабни янада оширди.
___-Жорий куз-қиш даврида бажариладиган тадбирлар-режасига мувофиқ, 204 дона гидротехник иншоотлар таъмирланди, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг Ирригация тизимлари ва гидротехник иншоотлардан фойдаланиш сектори бошлиғи Шингис Айтмуратов. – Ҳозиргидек, сув танқис шароитда каналларга берилаётган ҳар бир куб сувнинг ҳисоби бор. Агарда сув тақсимловчи иншоотлар носос бўлса, айтайлик, канал ёпилгач шит затвори орасидан сув сизиб турса, сувнинг беҳуда оқиб кетишига сабаб бўлади. Шу боис ҳозирги кунда вазирлик ва тизим ташкилотлари томонидан сув тақсимловчи иншоотларни мавсум давомида соз ҳолатда ишлашини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Эксплуатация маблағлари ҳисобидан ҳамда ички имкониятлардан келиб чиқиб, магистрал ва хўжаликлараро каналлардаги иншоотлар жорий таъмирланмоқда.

___Биз ишчи гуруҳ аъзолари билан бу борадаги ишларни жойига чиқиб ўрганиб, тегишли кўрсатмалар бериб борамиз. Яқинда «Қизкеткен-Кегейли” ирригация тизими бошқармаси ҳисобидаги “Дўстлик” магистрал каналининг ПК-252 пикетида жойлашган бош гидротехник иншоотидаги таъмирлаш ишларини ўргандик.

___2022 йил эксплуатация маблағлари ҳисобидан «Қувонишжарма» магистрал каналининг бош сув олиш жойидаги иккинчи шит затворини таъмирлаш ва ўрнатиш жараёнлари билан танишдик. Таъмирлаш ишларига бошқарманинг қурилиш бригадаси ва 2 та кран, 1 та экскаватор жалб қилинди.
___Ҳақиқатан ҳам мавжуд сув ресурсларидан самарали фойдаланишда ички каналларнинг тозалиги, гидротехник иншоотларни таъмирлаш ва фермер хўжаликларининг сув олиш қулоқларини талаб даражасида жиҳозлаш муҳим аҳамият касб этади.
___Маълумот учун: Мавсум давомида Қорақалпоғистонда 3 минг километрдан ортиқ ички суғориш тармоқлари тозаланди, 444 дона сув ўлчаш постлари таъмирланди. Хўжаликлараро каналларни тозалаш ишларига 16 дона, ички суғориш тармоқларини тозалашга 68 дона экскаватор ва 819 нафар ишчилар жалб этилган бўлиб, бу ишлар давом этмоқда.
Ғ.Отажонов,
Қорақалпоғистон Республикаси
Сув хўжалиги вазирлиги матбуот котиби