22 март — Бутунжаҳон сув куни

___Маълумотларга кўра, глобал иқлим ўзгариши, аҳоли сонининг ва иқтисодиёт тармоқларининг ўсиши, уларнинг сувга бўлган талаби йил сайин ошиб бориши туфайли сув ресурсларининг тақчиллиги йилдан-йилга кучайиб бормоқда. Бу борада сув ресурсларини самарали бошқариш, улардан оқилона ва тежамкорона фойдаланиш нафақат республикамиз, балки бутун дунё ҳамжамияти олдида турган долзарб вазифадир.

___Сув ресурсларига бўлган талаб ортаётганлиги билан бирга, сувнинг тақчиллиги ҳам йилдан йилга ошиб бормоқда. 1992 йилда Рио Де Жанейрода ўтказилган БМТнинг «Атроф-муҳит ва ривожланиш» конференциясида бутун жаҳонда сув ресурслари кунини нишонлаш таклифи билдирилган. БМТ Бош ассамблеяси 1993 йили 22 февралида (47/193 сонли) резолюцияни имзолади ва 22 март кунини «Бутунжаҳон сув куни» деб эълон қилди.

___Ушбу кунни нишонлашдан асосий мақсад, инсониятни сувдан самарали фойдаланиш ва уни асраш, сув ресурсларини келажак авлодга яхши ҳолатда етказиб беришдан иборатдир. Ўзбекистонда «Бутунжаҳон сув куни»ни мана беш йилдирки, Сув хўжалиги вазирлиги, Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилаётган «Ўзбекистоннинг қишлоқ ҳудудларида сув ресурсларини барқарор бошқариш» дастури доирасидаги БМТ Тараққиёт дастурининг «Техник салоҳиятни мустаҳкамлаш» лойиҳаси билан ҳамкорликда ўтказиб келинмоқда.

___Сув муаммосини ҳал қилишнинг минтақа мамлакатлари ва халқлари манфаатларини тенг ҳисобга олишдан бошқа оқилона йўли йўқ. Шу маънода, республикамизда қишлоқ хўжалиги экинларини суғоришда томчилатиб, ёмғирлатиб суғориш ва бошқа сув тежовчи технологияларни кенг қўллашга катта эътибор қаратилмоқда.

___Айниқса, сўнгги беш йилда мамлакатимизда сув ресурсларини бошқариш ва уларни муҳофаза қилиш борасида Президентимизнинг бир неча фармон ва қарорлари қабул қилинди. Мазкур ҳужжатлар асосида сув хўжалигини ривожлантиришга оид Концепция ва Стратегиянинг қабул қилиниши юртимизда сув ресурсларидан самарали фойдаланишда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаётир. Уларда минтақада кузатилаётган сув танқизлигини ҳисобга олиб, сув тежовчи технологияларни кенгроқ қўллаш бўйича вазифалар белгиланган.

___Хусусан, Президентимизнинг 2022 йил 1 мартдаги “Қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, Қорақалпоғистон Республикасида жорий йил 15 4418 гектар пахта ва бошқа экин майдонларида томчилатиб, 1 904 гектар ғалла майдонларида ёмғирлатиб суғориш технологияларини жорий этиш назарда тутилган. Шунингдек, 100 гектарда дискретли суғориш ва 29 минг 500 гектар майдонда лазерли текислаш ишларини амалга ошириб, сув ресурсларидан самарали фойдаланиш тадбирлари белгиланган.

___Республикамизда сув ресурсларидан самарали фойдаланиш бўйича бир қатор тадбирлар амалга оширилмоқда. Бу борада қабул қилинган ҳужжатларда белгиланган вазифаларни ўз муддатларида сифатли бажариш учун тарғибот тадбирлари, ўқув семинарлари ва олимлар иштирокида тажриба машғулотлари ҳам ўтказиб келинмоқда. 

Қорақалпоғистон Республикаси

Сув хўжалиги вазирлиги Матбуот хизмати