Оролбўйида кўчатларни ҳимоялаш усули синаб кўрилди

Оролбўйида кўчатларни ҳимоялаш усули синаб кўрилди

___Мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларида бўлгани каби Оролбўйида ҳам “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида куз ва баҳор мавсумларида минглаб кўчатлар экилди ва бу иш давом қилмоқда. Экилган дарахт кўчатларини суғориш, парваришлаш билан бирга яна бир тадбир борки, айниқса чекка ҳудудларда ушбу иш бажарилмаса, кўплаб кўчатларнинг нобуд бўлиши, қилинган меҳнатлар зое кетишига сабаб бўлиши мумкин.

___Биламизки, Қорақалпоғистоннинг шимолий қисмидаги туманлар асосан чорвачиликка ихтисослашган бўлиб, айни кунларда йирик ва майда шохли моллар далаларга бўш юбориб боқилмоқда. Ушбу чорва моллари канал ва зовурлар атрофига экилган дарахт кўчатларига зарар бериши табиий. Орол бўйи делта бошқармаси жамоаси кўчатларни чорва молларидан ҳимоя қилишнинг  яна бир усулини синаб кўрди.

  • “Яшил макон” лойиҳаси доирасида ҳақиқатан ўтган йилларга нисбатан бир неча баробар кўп дарахт кўчатлари экилмоқда, – дейди Орол бўйи делта бошқармаси бошлиғи Маман Каипбергенов.  Меҳнат жамоамиз томонидан экилаётган кўчатларнинг кўп қисми дарё, кўл бўйлари ва чорва молларидан ҳимояланмаган ҳудудлар бўлгани боис кўчатларни ҳимоя қилишнинг турли усулларини қўлламоқдамиз.  Олдинлари  янги экилган кўчатларни тиканли буталар билан ўраб чиқардик.  Лекин ушбу ўсимликлар ҳамма жойда ҳам етарли миқдорда топилмайди. Шу боис биз, “екан” ўсимлигини ҳимоя воситаси сифатида синаб кўрдик.  Бу ўсимликни чорва моллари емаслигини билардик. Дастлаб,  “Бўзотов-Аспантай” тизими жамоаси “екан” ўсимлигининг ўтган йилги қуриган поялари билан кўчатларни ўраб чиқди. Натижа ёмон бўлмади. Ҳозир эчки ва қўйлар “екан” пояси ўралган кўчатлар орасидан ўтсаҳамки, зарар бермаяпти.

___Оролбўйи ҳудудларида сув тармоқлари, зовурлар ва батқоқликда кўп ўсадиган, маҳаллий аҳоли “екан” деб номловчи (кенг япроқли қўға)  ўсимлиги Қорақалпоғистоннинг барча ҳудудларида ўсади. Ҳозирда кўчатларни ҳимоялашда бошқа ҳудудлар ҳам ушбу ўсимликдан фойдаланишни бошлаган.

___Эътиборлиси, ушбу усул нафақат чорва молларидан кўчатларни асрайди балки, эрта-индин ҳаво-ҳарорати кескин кўтарилганида қўёш нуридан ҳам ҳимоялаб, ўсиб ривожланишига ёрдам беради.

Ғ.Отажонов,

Қорақалпоғистон Республикаси

Сув хўжалиги вазирлиги матбуот котиби