___Қорақалпоғистон Республикаси туманларини ҳар томонлама ривожлантириш, аҳолининг турмуш шароитларини яхшилаш мақсадида Президентимиз ташаббуси билан ҳар бир туманга битта вилоят, хусусан Кегейли туманига Андижон вилояти бириктирилган эди.
___Бу борадаги бажарилган ишлар билан танишиш ва келгуси режаларни белгилаб олиш мақсадида Андижон вилояти ҳокими бошчилигидаги 180 кишидан иборат делегация Қорақалпоғистонга ташриф буюриб, Кегейли туманида бўлди.

___Андижонлик делегация аъзолари орасида Норин-Қорадарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бошлиғи Хушнудбек Ҳамидов бошчилигидаги сувчилар жамоаси ҳам бор. Сувчилар ҳам Кегейли туманини ривожлантириш борасидаги лойиҳалар, хусусан фойдаланишдан чиқиб қолган майдонларни қайта оборотга киритиш, каналларни тозалаш ва ҳудудда сув таъминотини яхшилаш борасидаги ишларни бажаришда ҳудуддаги ҳамкасбларига яқиндан ёрдам беришмоқда.
___Тадбирлар доирасида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Камалов, Андижон вилояти ҳокими Ш.Абдурахмонов ва Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг Раиси Қ.Сариев Кегейлида ташкил этилган Андижон вилояти ҳокимлиги штабида бўлиб, амалга ошириладиган лойиҳалар тақдимоти билан танишишди.

___Ўз навбатида Андижонлик сувчилар Кегейли туманида ер майдонларини фойдаланишга киритиш учун амалга ошириладиган ирригация тадбирлари ҳақида тақдимот қилишди.
___Андижон вилоятининг сувчилар жамоаси жорий йилда Кегейли туманидаги 1526 гектар майдонларни қайта фойдаланишга киритиш вазифасини белгилаб олганмиз, дейди Норин-Қорадарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармасининг Қурилиш ва таъмирлаш ишларини ташкил этиш бўлими бошлиғи Мансурбек Зайлобидинов. – Ўрганишларимиз давомида тумандаги “К.Абибуллаев” массивида жойлашган ушбу майдонларда 3-5 йил мобайнида сурункали экин экилмаслиги натижасида оборотдан чиқиб кетган. Биз, сув таъминотини яхшилаш бўйича манзилли дастур ишлаб чиқдик. Унга кўра, Амударё дарёсида “Дўстлик”, “Кегейли”, “Абад Ярмиш” каналллари орқали “Боз Жап” ва “Сапалак Жап” ички хўжалик ариқларигача қандай тадбирларни амалга оширишни белгилаб олганмиз.
___Ушбу ҳудудлар релъеф жиҳатидан текислик ҳудудлар ҳисобланиб, каналларнинг нишаблиги паст ва оқаётган сувнинг тезлиги 0,2-0,3 м/сек.ни ташкил қилади. Каналларга сув олиш учун сув тўсувчи иншоотлар орқали сувни димлаб сув оқими ҳосил қилинади. Сувни тезлиги паст бўлганлиги сабабли каналларга лойқа чўкиндилари тўпланиб, каналлар лойқа билан тўлишига сабаб бўлади. Хўжалик ички суғориш тармоқлари тозаланмаганлиги, ушбу майдонларга етарли миқдорда сув етиб келмаганлиги сабабли оборотдан чиқиб кетган.
___Сув таъминотини яхшилаш “Абат Ярмиш” каналига сув ўтказувчи гидроиншоот қуриш ва канални тўлиқ реконструкция қилиш, “Боз Жап” ва “Сапалак Жап” ички каналлларни механизмлар ёрдамида тозалаш каби муҳим тадбирлар белгилаб олинган. Ушбу ишларга талаб этиладиган тахминий маблағ 10 млрд 150 млн сўм маблағ зурур бўлаётганлиги бугунги тақдимотимизда келтирилди. Ҳисоб-китобларга кўра ҳудуддаги 1 гектар майдонни фойдаланишга киритиш учун ўртача 6,6 млн сўм маблағ сарфланиши маълум бўлмоқда.
___Қорақалпоғистон Республикаси раҳбарияти ва Андижон вилояти ҳокими иштирокидаги лойиҳалар тақдимотида ирригация йўналишида амалга ошириладиган вазифалар бўйича ҳам масъулларга топшириқлар берилди. Эътиборлиси, бошқа соҳа вакиллари қатори андижонлик сувчилар ҳам Кегейлини ҳам томонлама ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшаётир.
Ғ.Отажонов,
Қорақалпоғистон Республикаси
Сув хўжалиги вазирлиги Матбуот котиби