ҚОРАҚАЛПОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ СУВ ХЎЖАЛИГИ ВАЗИРИ ТАЙИНЛАНДИ

___Жорий  йилнинг 21 апрель куни Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигида йиғилиш ўтказилди. Йиғилишни Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раисининг қишлоқ ва сув масалалари бўйича ўринбосари Дарьябай  Кайпов  очди ва бошқариб борди.

___Йиғилишда ташкилий масала кўрилди.

___Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазири вазифасини бажарувчи лавозимига Реимбаев Адилбек Рузимухаммадович тайинланди.

___Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг Ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш бошқармаси бошлиғи Қурбан Мурадов вазир лавозимига тайинланаётган кадрнинг иш фаолияти, хусусан сув хўжалиги соҳасидаги тажрибасига алоҳида тўхталиб, Адилбек Реимбаевнинг таржимаи ҳоли билан таништирди.

___А.Реимбаев 1977 йил Қорақалпоғистон Республикасининг Беруний туманида туғилган.  2000 йил Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтини тамомлаган. Маълумоти бўйича мутахассислиги агромуҳандис.

___Меҳнат фаолиятини 1995 йилда Беруний тумани «Турон» кичик корхонасида ишчи лавозимида ишлашдан бошлаган. Кейинчалик олий ўқув юртини тугатгач, Беруний тумани ҳокимлиги иш юритувчи котиби, ҳокимликнинг ташкилий-назорат гуруҳи мутахассиси, етакчи мутахассиси, гуруҳи раҳбари лавозимларида ишлаган. Туманда ўзини кўрсата олган А.Реимбаев 2011 йил Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Аппарати ташкилий-назорат бўлими бош мутахассиси бўлиб ишлай бошлайди ва 2014-2015 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Аппарати ташкилий-назорат бўлими бошлиғининг ўринбосари лавозимида ишлади.

А.Реимбаев  2015 йилдан бошлаб сув хўжалиги соҳасининг бир неча  тизим ташкилотларида масъулиятли лавозимларида ишлай бошлади. Хусусан, Қуйи Амударё ирригация тизимлари ҳавза бошқармасига қарашли «Суенли» ирригация тизими бошқармаси «Шоманай-Киндикўзак» ирригация тармоғи муҳандиси-гидротехниги, 2016-2017 йилларда Қуйи Амударё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бошлиғининг ўринбосари, 2017-2018 йилларда «Пахтаарна-Найман» ирригация тизими бошқармаси бошлиғи,  2019-2020 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирининг ўринбосари лавозимларида самарали ишлаб келган.

___

___Реимбаев Адилбек Рузимухаммадович 2020 йилдан ҳозирги кунгача Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси филиали раҳбарининг ўринбосари лавозимида фаолият юритиб келаётган эди.

___Йиғилишда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Аграр, сув хўжалиги, табиатни муҳофаза қилиш ва экология масалалари қўмитаси раиси Д.Утамбетов, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раисининг ўринбосари Д.Кайпов бугунги кунда Сув хўжалиги вазирлиги ходимлари зиммасидаги муҳим ишлар, тизим ташкилотларининг сувни тақсимлаш ва назорат қилишда масъулиятини ошириш борасидаги амалга ошириладиган долзарб вазифаларга алоҳида тўхталиб ўтди.

___Ўз навбатида А.Реимбаев  бу борадаги вазифаларни тизим ташкилотлари билан биргаликда бажаришга бор куч-ғайратини сафарбар қилишини таъкидлади. Шунингдек, шу куннинг ўзида вазирлик аппарати ходимлари ва тизим ташкилотлари раҳбарлари иштирокида йиғилиш ўтказиб, амалга ошириладиган муҳим вазифалар белгилаб олинди. 

Қорақалпоғистон Республикаси

Сув хўжалиги вазирлиги

Матбуот хизмати