Кўплаб мамлакатлар қатори юртимизда ҳам 1 июнь – “Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни” байрам сифатида нишонланмоқда. Ушбу байрам санаси 1925 йилда Женевада болалар фаровонлиги бўйича бутунжаҳон конференциясида эълон қилинган ва шундан буён, жаҳоннинг кўплаб мамлакатларида 1 июнь куни нишонланади.
Бугун бир қатор вазирлик ва ташкилотлар Хўжайли туманидаги “Меҳрибонлик уйи”да тарбияланиб, ҳозирда хонадонларда истиқомат қилаётган болалар ҳолидан хабар олиб, уларга байрам совғаларини улашди.

-Олдин меҳрибонлик уйида тарбияланган болалар бугунги кунда оилаларда тарбияланаётганидан хурсандлигини қувонч билан гапириб бермоқда, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирининг ўринбосари Тажетдин Мадреймов. – Бу ҳолатни кўриб учрашув давомида қалби кемтик болаларга шодлик-қувонч улашган ота-оналарига ҳам алоҳида миннатдорлик билдиргимиз келди. Бошқа ташкилотлар масъуллари билан бирга болалар уйига айлантирилган хонадонларда бўлиб, болажонлар билан суҳбатлашдик. Улар ижросида қорақалпоқ миллий қўшиқларидан тингладик.

-Фарзандларим қаторига қўшилган 6 нафар болажонларим билан ҳам бир оила жигарларидек бўлиб кетишди, – дейди Ўразова Гулбаҳор. Мана болажонларимни келганига 9 ойга яқин бўлган бўлса, улар оилавий муҳитга тўлиқ ўрганди. Улар турмуш ўртоғимга ота ва менга она деган сўзларни ўзгача қувонч билан, ҳаяжон билан айтаятганини ҳис этиб тураман. Кейин улар мактабдан уйга қайтишни, хонадонимизга қувонч билан кириб келишини гапирганида мен ҳам уларга оналик меҳримни бераётганимдан шодланаман.

Вазирлик масъуллари байрам муносабати билан Хўжайли туманидаги Халмурат Давлетмуратов ва Тилепберген Шимбергеновлар хонадонларида ташкил этилган оилавий болалар уйларида бўлиб болаларга байрам совғаларини улашди. Болалар ҳар ўзларига кўрсатилаётган бундай эътибордан жуда хурсанд бўлиб ўзларингнинг миннатдорчилигини билдиришди.
Ғ.Отажонов,
Қорақалпоғистон Республикаси
Сув хўжалиги вазирлиги матбуот котиби