янги технологиялар устида ишлашга бўлган шижоатимни оширди

___Жорий йилнинг 9-12 июнь кунлари Швейцария тараққиёт ва ҳамкорлик агентлиги томонидан молиялаштирилган “Ўзбекистонда сув ресурсларини бошқариш миллий лойиҳаси” 2-босқич доирасида Сув хўжалиги вазирлиги билан ҳамкорликда ҳудудларда сув тежовчи технологияни жорий этиш учун тренер сифатида тайёрланган хотин-қизлар ҳамда фермер аёллар учун Навоий ва Бухоро вилоятларида ўқув амалиёти ўтказилди. Тадбирда қорақалпоғистонлик тренер ва фермер аёллар ҳам иштирок этди.
___Сув хўжалигида фаолият олиб борувчи тренер ҳамда фермер аёллардан иборат тадбир иштирокчилари сув тежовчи технологиялар жорий қилиниши натижалари билан танишиш мақсадида, Навоий ва Бухоро вилоятларига ташриф буюришди. Эътиборлиси, ўқув жараёни давомида улар асосан аёллар томонидан бошқарилаётган хўжаликларда бўлиб, бир-бирлари билан тажриба алмашишди.
___Биз, бугун Нукус шаҳрига етиб келиб, ўз ишларига киришаётган тренер ва фермер опаларимиз билан тадбир тафсилотлари ҳақида суҳбатлашдик.

___-Лойиҳа доирасида ташкил этилаётган бу каби тадбирлар Оролбўйидаги сувчи ва фермер аёлларнинг сув тежовчи янги технологиялардан фойдаланиш борасидаги билимларини оширишга хизмат қилмоқда, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг бўлим бошлиғи, тренер Саодат Худойбергенова. – Ўқув-амалиётининг дастлабки кунида Навоий вилоятида фермер аёллар ишлари билан танишиб, улар томонидан фермер хўжалигини ташкил қилишда, шу даражага етказишдаги меҳнатлари ҳамда бугун эришаётган ютуқлари кўрган қийинчиликлари ҳақида тадбир иштирокчиларига гапириб беришди.
___Ўқув жараёнининг иккинчи кунида Бухоро вилоятидаги фермерлар далалари ҳамда томорқа майдонларида бўлиб, сув тежовчи технологиялар билан яқиндан танишдик. Эътиборлиси, мен билан бирга борган қорақалпоғистонлик фермер аёлимиз бу каби амалиётни кўриш иштиёқи юқорилигини барчага намоён этди, десам муболаға бўлмас. Негаки, у жараёнларни кузатишга шу даражада қизиқиб, ўрганишга киришиб кетдики, ҳатто оёқ яланг юриб дала ўрталаригача сув тежовчи технологиянинг ишлашини кўздан кечириб чиқди.
___Шунча масофа йўл босиб, ўқув-амалиётига келгандан кейин ҳақиқатан ҳам сув тежовчими ёки бошқа янги технологиями ўзимиз учун бирон янгиликни ўрганиб кетишимиз шарт эдида, – дейди тадбир иштирокчиси, Нукус туманидаги “Муҳаббат” фермер хўжалиги раҳбари Саёра Алланазарова. – Мен жорий йилнинг ўзида мазкур лойиҳа доирасидаги тадбирларда иккинчи бор иштирок этмоқдаман. Ўқув-амалиёти давомида ўзимиз каби фермер аёлларнинг сув тежовчи технологияни жорий этиш ишлари билан яқиндан танишдик.

___Оила аъзоларимиз билан биргаликда 7,5 гектарлик сабзовот-полиз маҳсулотларини етиштиришга ихтисослашган фермер хўжалигимизда меҳнат қилиб келамиз. Яқинда хўжалигимизни кенгайтириш мақсадида Қонликўл туманидан 110 гектар майдонни олиб, чорвачиликни ривожлантириш ҳаракатини бошладик. Лекин, кейинги ажратилтган майдон деярли сув етиб бормайдиган ҳудуд бўлиб, чорвалар учун артезиан орқали ер остидан сув чиқариш лозим бўлмоқда.
___Тадбир давомида Вобкент туманидаги «Ўриной Мирзаева» фермер хўжалиги далаларида ер ости сувларидан фойдаланиш учун ўрнатилган технология билан танишганимиз мен учун айни муддо бўлди. У ерда тегишли мутахассислардан мен ҳам чорвачиликни ривожлантирадиган майдонларда артезиан орқали ер остидан сув чиқариш тартиби ва унда давлат томонидан ажратиладиган субсидиялар ҳақида ҳам маълумотлар олдим.
___Унинг такидлашича,ҳаммасини ўз кўзинг билан кўриб, қўл билан ушлаш ва жараённи кузатиш, бу ишни амалга оширганларнинг шахсан ўзидан қийинчилилклар ҳамда эришган натижалари ҳақида эшитиш ўзгача билим ва кўникма шакллантиради. Ўқув-амалиёти давомида ўрганганларимдан билдимки, буларни мен ҳам қилиш имкониятига эгаман. Бу борада ташаббус кўрсатаётган аёл фермерлар мени ҳам ана шундай янги технологияларни жорий этиш устида ишлашга бўлган шижоатимни оширди, – дейди Саёра Алланазарова.

___Ўқув-амалиёти давомида тадбир иштирокчилари Навоий ва Бухоро шаҳарларининг диққатга сазовор жойларига саёҳатлар ҳам уюштирилди.
Ғайрат Отажонов,
Қорақалпоғистон Республикаси
Сув хўжалиги вазирлиги матбуот котиби