Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 24 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида сув ресурсларини бошқариш ва ирригация секторини ривожлантиришнинг 2021-2023 йилларга мўлжалланган стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорида сув хўжалиги объектларини бошқаришни автоматлаштириш борасида ҳам вазифалар белгиланган.

Мазкур қарорга мувофиқ, 2021-2023 йиллар давомида Қорақалпоғистон Республикасидаги 5 дона йирик гидроиншоотларга янгидан автоматлаштириш тизимини жорий этиш назарда тутилган. Ўтган 2021 йилда “Суенли” ирригация тизими бошқармаси тасарруфидаги “Қундизли” ва “Бирлик” каналларининг Бош иншоотига автоматлаштирилган бошқариш тизими ўрнатилди.

Жорий йилда эса “Қизкеткен-Кегейли” ирригация тизими бошқармаси тасарруфидаги “Кегейли” каналининг Бош сув тақсимлаш иншоотига автоматлаштирилган бошқариш тизимини жорий қилиш режалаштирилган ва айни кунларда қурилиш ишлари олиб борилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирининг ўринбосари А.Мирзаев мазкур гидроиншоотга ўрнатилаётган автомат бошқариш тизимини қуриш жараёнлари билан танишди. Ирригация бошқармаси ҳамда қурувчи ташкилот раҳбари билан ушбу тизимнинг аҳамиятини муҳокама этиб, ускунани ўрнатишда аҳамият қаратиш лозим бўлган муҳим жиҳатлар ҳақида тавсиялар берди.

-“Кегейли” каналнинг Бош сув тақсимлаш иншоотига автоматлаштирилган бошқариш тизимини қуриш бўйича ўтказилган тендер савдосида ғолиб бўлган «RATUFER SERVICE» МЧЖ қурувчилари томонидан қурилиш ишлари бошланди, – дейди “Қизкеткен-Кегейли” ирригация тизими бошқармаси бошлиғи Марат Каипов. – Мазкур автомат бошқариш тизими ўрнатилгач, сув тақсимловчи гидроиншоот қошидаги диспетчерлик хонасидан ускунани бошқариш имкони яратилади. Шунингдек, кейинчалик компьютер тармоқларига ва “Ақлли сув” қурилмасининг маълумотлар базасига боғлангач, каналга белгиланган лимитдаги сувни бериш, умуман олганда сувнинг ҳисобини тўғри юритиш имконини ҳам яратади. Лойиҳанинг умумий қиймати 288 миллион сўм бўлиб, унда гидроиншоот тўсиқларини бўяш ва жиҳозларни таъмирлаш ҳам назарда тутилган.
Вазир ўринбосари А.Мирзаев Нукус туманидаги “Нукус” коллектори қурилиши ҳамда Кегейли туманида жойлашган “Кўк ўзак” каналини реконструкция қилиш ишлари билан ҳам танишди.
Ғ.Отажонов,
Қорақалпоғистон Республикаси
Сув хўжалиги вазирлиги матбуот котиби