Нукусдаги “Жана базар” маҳалласи янгиланмоқда

Халқимизнинг энг улуғ ва энг азиз байрами – Мустақиллик шодёналарига ҳам саноқли кунлар қолди. Оролбўйида, хусусан, Нукус шаҳрида айни байрам олдидан бунёдкорлик, ободонлаштириш, аҳолининг турмуш даражасини яхшилашга қаратилган тадбирлар ҳар қачонгидан ҳам кўлами кенг ва тез суръатларда амалга оширилмоқда.

Қорақалпоғистон Республикасида “маҳаллабай” ўтказилган ўрганишлар натижасида Нукус шаҳрида аҳолининг кўплаб эътирозларига сабаб бўлаётган муаммоларни бартараф этиш, муҳандислик-коммуникация тизимлари ва ижтимоий инфратузилмани янада яхшилаш ҳамда аҳолининг муносиб турмуш шароитини таъминлаш мақсадида шароити оғир маҳаллаларда ижтимоий-иқтисодий, маиший ва инфратузилма ҳолати билан боғлиқ муаммолар бартараф этилмоқда.

Шаҳардаги “Жана базар” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудуди ҳам шароити оғир маҳаллалардан бири эди. Ушбу масканни обод қилиш, маҳаллада яшовчи аҳолининг мавжуд муаммоларини бартараф қилиш ишларига бугун барча вазирлик ва идоралар ўзларининг ҳиссаларини қўшмоқда. Натижада Нукус шаҳрининг энг чеккасида жойлашган, эътибордан четда қолиб келаётган маҳалла саноқли кунларда обод масканга айланди. Қумли, баланд-паст кўчалар равон йўл қилиниб, асфальт ётқизилмоқда, пиёдалар йўлаклари, замонавий инфратузилмага эга стадион ва болалар майдончалари, бир қатор ижтимоий объектлар қурилмоқда.

– Шаҳримиздаги оғир ҳудудларни ободонлаштириш тадбирига Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳам ўз ҳиссасини қўшмоқда, – дейди вазирликнинг бўлим бошлиғи Сагидулла Сержанов. – “Жана базар” маҳалласидаги “Боғи бўстон”, “Темир йўлчилар” кўчаларидаги уйларнинг фасад қисмларини оқлаш, кўчаларни тартибга келтириш, ободонлаштириш, ижтимоий ёрдамга муҳтож хонадонларни таъмирлаш ва том қисмларини ёпиш ишларини олиб бормоқдамиз. Шунингдек, хонадонбай ўрганиш натижасида аниқланган муаммоларни тегишли вазирлик ва идораларга йўналтириб, аҳолининг турмуш даражасини яхшилаш тизимли равишда олиб борилмоқда.

Бугунги кунгача “Боғи бўстон” кўчасидаги ободонлаштириш ишлари ниҳоясига етказилиб, ижтимоий ёрдамга муҳтож бир оиланинг уйида қўшимча қурилиш ишлари олиб борилмоқда. “Темир йўлчилар” кўчасидаги 5 хонадондаги 2 та уйнинг том қисми ёпилди ва битта қурилиши битмаган уй битказилиб, фасад қисмлари тўлиқ оқланди. Бу ишларни амалга ошириш учун махсус техникалар ҳамда зарур ишчи кучи ажратилган.

Бир сўз билан айтганда, мазкур маҳалла аҳли Мустақиллигимизнинг 31 йиллигини обод маҳаллада кутиб олиши учун барча ўз ҳиссасини қўшмоқда.    

Замонавий объектлар қурилиши билан бирга ҳудудни кўкаламзорлаштириш ишларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Дарвоқе, маҳаллада янгидан бунёд этилаётган боғ ҳудудида ёмғирлатиб суғориш технологияси ўрнатилиб, ишга туширилди.

Ҳа, маҳаллий аҳоли “Қўскўл-4” дея, номлаб келган “Жана базар” маҳалласи бугун ҳақиқий маънода янгиланмоқда. Бу янгиланишларда сувчиларнинг ҳам муносиб ҳиссаси бор.

Ғ.Отажонов,

Қорақалпоғистон Республикаси

Сув хўжалиги вазирлиги матбуот котиби