СУВ ХЎЖАЛИГИДАГИ ИСЛОҲОТЛАР

Оролбўйида халқ розилигини таъминлашга хизмат қилмоқда

___ Кегейли туманидаги “Кўк ўзак” канали 1946 йил фойдаланишга топширилган. Каналнинг сув ўтказиш қобилияти ўша пайтда секундига 25 метр кубни ташкил этган бўлса, кейинги йилларга келиб 10-15 метр куб сув ўтиб турган холос. Каналнинг лойқа босиб кўмилиб қолиши натижасида кейинги йилларда бош қисмидаги “Дўстлик” сув тақсимлаш иншоотидан мазкур каналга сув очиш имкони ҳам бўлмай қолган.

___ Ҳозирги кунда Қорақалпоғистон Насос станциялари ва энергетика бошқармаси ҳисобидаги “Кўк-ўзак” насос станциясининг агрегатлари орқали ушбу каналга сув ташланиб, суғориладиган майдонларга сув етказиб берилмоқда. Маълумотларга кўра, фойдаланишга топширилганига 70 йилдан ошган ушбу каналда ўтган йиллар давомида йирик реконструкция ишлари амалга оширилмаган. Фақат лойқа босган қисмларида қазиб-тозалаш ишлари амалга оширилиб келинган.


Охирги беш йилда ҳудудлардаги сув хўжалиги объектларида йирик рекнструкция ишларини амалга ошириш, бир сўз билан айтганда, Президент ва Ҳукумат қарорлари асосида сув хўжалигини ислоҳ қилиш бўйича кенг кўламли тадбирларни амалга ошириш бошланди. Қорақалпоғистон Республикасининг Кегейли туманидаги “Кўк ўзак” канали ҳам Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 22 январдаги ПҚ-98-сонли қарори асосида реконструкция қилинадиган объектлар рўйхатига киритилди.

___ -Лойиҳа доирасида “Кўк ўзак” каналининг 15,7 километр қисмини реконструкция қилиш кўзда тутилган, – дейди “Қорақалпоғистонсувқурилишинвест” давлат муассасасининг Лойиҳаларни бошқариш, қурилишни техник кузатиш бўлими етакчи мутахассиси Онғарбай Камалов. – Айтиш керакки, Оролбўйида 2000-2001 йиллардаги сув танқислиги даврида каналнинг катта қисмида қияликлар (откослари) емирилиб тушиши ва сув оқимининг пастлиги натижасида лойқа билан тўлиб қолишига олиб келган.


Канални реконструкция қилиш давомида 3 та сув тўсувчи иншоот, 7 та сув олувчи иншоот қуриш, 8 та сув олувчи иншоотларни реконструкция қилиш белгиланган. Шунингдек, лойиҳа асосида тупроқ ишлари, йиғма темир бетон, монолит бетон, шағал ва харсанг тош ётқизиш, арматура ишлари ҳам назарда тутилган.

___ “Кўк ўзак” каналини реконструкция қилиш ишлари икки босқичда амалга оширилади ва объектнинг умумий қиймати 5 млрд. 380 млн. 353 минг сўмни ташкил этади. Шундан, 2022 йилга 2 млрд. 94,2 млн. сўм лимит ажратилиб, январ-август ойларида 1 млрд. 641,1 млн. сўмлик капитал қўйилмалар ўзлаштирилди. Ҳозирда объектда 3 та экскаватор, 1 та бульдозер ишлаётган бўлса, 5 нафар ишчи-ходим каналнинг жорий йилга мўлжалланган қисмини реконструкция қилишга жалб этилган.
___ “Кўк-ўзак” каналида реконструкция ишлари якунлангач Кегейли туманидаги 10 минг гектар суғориладиган майдонларнинг сув таъминоти яхшиланади, – дейди Кегейли тумани ирригация бўлими бошлиғи Қуралбай Примбетов. – Қазиш ишлари, каналнинг бош қисмида деярли тўхтаб қолган сув олиш қисмининг тикланиши, сув сатҳининг кўтарилиши натижасида экин майдонларини ўзи оқар сув билан суғориш 1200 гектарга ошади. Шунингдек, тумандаги 5 та овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги 2 мингдан ортиқ аҳолининг томорқа майдонларини суғоришда юзага келаётган узулишлар бартараф этилади.

___ Бугун мамлакатимизда бу каби минглаб лойиҳалар амалга оширилмоқда. Биз, Оролбўйида сув таъминотини яхшилашга қаратилган биргина лойиҳа мисолида сув хўжалиги соҳасидаги ислоҳотлар, эришилаётган натижаларнинг аҳамияти ҳақида сўз юритдик.
___ Сувни ҳаёт манбаига бежиз қиёслашмайди. Сув борган ҳудудда ободлик, барака бўлади. Олис овуллардаги аҳолининг ҳам даромад топиш имкони яратилади. Эътиборлиси, сув хўжалигидаги ислоҳотлар аҳоли кайфиятини кўтариш, халқ розилиги таъминлашга хизмат қилмоқда.

Ғайрат Отажонов,
Қорақалпоғистон Республикаси
Сув хўжалиги вазирлиги матбуот котиби